Маълум ҳақиқат: халқ жамиятга – бир организмга айлансагина том маънодаги халққа айланади. Бу эса халқнинг ҳар бир вакили ўзини ўша организмнинг узвий қисмидек ҳис этиши билан бўлади. Халқнинг том маънодаги жамиятга айланишини улуғ мақсад сифатида тан оладиган бўлсак, демак, бунга тескари келадиган ишларни, оз эмас кўп эмас, зараркунандалик  – халқнинг жамиятга айланиши йўлига тўсиқ қўйиш, деб эътироф этишимизга тўғри келади.

«Ватан» ва «она» тушунчаларининг муштараклиги

Ватан тушунчаси кўпқиррали, аммо қирраларини санаб ўтиш қийин бўлмаган тушунчадир. Киши ватанида ўзини енгил, эркин, гўё бола ўзини она бағрида ҳис этгандек ҳис этишини ҳисобга олиб, халқимиз «она ватан» иборасини қўллаган. Она бўлиши керак экан Ватан.

Киши «мен Ватанимдаман» дея кўкрагини тўлдириб айта олиши учун омил бўладиган жиҳатлардан бири – ватанини бемалол кезиши ва унинг хоҳлаган жойида бемалол қўним топиши. Бу талаб бажарилмаса, киши ватанида ўзини эркин ҳис этмайди – бегона жойга келиб қолгандек бўлади. Бизда ҳолат қандай?

Биргина оддий ҳаётий мисол келтириш асносида Ўзбекистон фуқароси ўз ватанида дуч келадиган баъзи ақлбовар қилмайдиган жиҳатларни санаб ўтамиз. Бир неча йил аввал вилоятлардан бирида яшаб келган бир оила Тошкент вилоятига кўчиб келишига тўғри келди. Ҳаёт шуни тақозо қилди. Ўз уйини сотиб, Тошкент вилоятида уй сотиб олиши керак бўлди. Уй ҳам топилди. Аммо:

а) вилоятларда яшовчилар Тошкент вилоятида уй сотиб олиши қонунан тақиқланган эди.

«Ўз Ватанингда хоҳлаган жойдан уй сотиб ололмасанг-а!» – дейишди оила вакиллари ва Тошкентда яшовчи танишларининг номига сотиб олган уйларини расмийлаштиришди. Ўз уйларида ижарада туришга мажбур бўлишди. Аммо масала бу билан ечим топмади. Кейинги муаммо:

б) прописка.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти «вилоятликлар» учун ёпиқ! «Биз чет элдан келганмизми?!» – ўзларига ўзлари хитоб қилишди оила аъзолари ва ўз уйларида вақтинча прописка қилиб яшай бошлашди. Ҳар уч ойда прописка қилиш ёддан кўтарилса – жарима. Бир марта шундай бўлди ҳам. Аммо, қизиғи шундаки, бу оиланинг бир аъзоси аравачада ҳаракатланадиган ногирон киши бўлиб, уни ҳам... жаримага тортишди... Савол: қалбда қўним топган «Ватан туйғуси» деган латиф «жонивор» бундай ҳолатда ўзини қандай ҳис этади?