Наманган вилояти ҳудудида 6 ва 14 декабрь кунлари эшитилган кучли гумбурлаш овозлари манбаи ҳалигача сир қолмоқда.
6 декабрь куни вилоят маркази Наманган шаҳрида, унга ёндош Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Уйчи ва Чортоқ туманларида ҳам кучли овоз эшитилган, аҳоли саросимага тушганди.
Аввалига бу овоз Мингбулоқдаги нефть конида олиб борилган геологик қидирув ишлари билан боғлиқлиги айтилди. Аммо кўп ўтмасдан «Ўзбекнефтгаз» мазкур маълумотни қатъиян рад этиб чиқди.
7 декабрь куни Kun.uz мухбири ҳам кон ҳудудида бўлди ва бу ерда портлаш ёки нефть сизиши аломатлари аниқланмади.
6 декабрь куни эшитилган овоз бўйича изоҳ берган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли томонидан шу бўйича мурожаатлар келиб тушгани, лекин ҳудуддаги газ қуйиш шохобчаларида ҳам, конда ҳам фавқулодда ҳодиса рўй бермаганини маълум қилди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати эса гумбурлаш табиат ҳодисаси бўлиши ҳам мумкинлигини тахмин қилиб, ўрганишлар давом эттирилаётганини маълум қилди.
ФВВ ҳам, ИИВ ҳам овоз қаердан келганини аниқлай олмади.
Наманганча парадокс. Гумбурлашни эшитганлар овоз ҳақидаги хабарларни ёлғонга чиқаришди, овоз қаердан чиққани сирлигича қолмоқда14 декабрь куни Наманганда худди шундай қаттиқ гумбурлаш овози такрорланди. Биринчи сафардагидек уйларнинг деразалари ларзага келди. Бу сафарги овоз қўшни Андижон ва Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида ҳам эшитилган.
Бу сафар дастлаб Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси муносабат билдирди.
«Овоз эшитилгани рост. Биз шу заҳоти барча туманлардаги бўлинмалар, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, гидрометеорология, сейсмология хизматлари билан тезкор боғланиб олган маълумотларимизга кўра, вилоят ҳудудида ҳеч қандай портлаш ёки табиат ҳодисаси рўй бермаган. Шунингдек, бошқарма навбатчилик қисмига ҳам фуқаролардан фавқулодда ҳолат ҳақида мурожаат келиб тушмади. Овознинг манбааси ҳозирча номаълум. Уни аниқлаш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Сабаби аниқланса, албатта юртдошларимизга маълум қилинади», —















