Жаҳон | 17:27 / 18.12.2018
15833
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Япония Хитой ва Россияга қарши курашиш учун АҚШдан кўпроқ қирувчилар сотиб олади

Фото: REUTERS/Lockheed Martin

Кейинги беш йил ичида Япония Тинч океанининг ғарбий қисмида Америка қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун стелс-технологиялар, узоқ масофали ракеталар ва бошқа ускуналарга эга энг янги қирувчиларга харажатларни тезлаштиради. Бу ҳақда Reuters ҳукуматнинг мудофаа бўйича янги ҳужжатларига асосан хабар берди.

Агентликнинг таъкидлашича, бундай режалар Япониянинг минтақавий қудратли давлатга айланиш ниятини акс эттиради. Шу билан бирга, Хитой ўз ҳарбий кучини мустаҳкамламоқда, Россия эса ўзининг америкалик иттифоқчисига таъсир кўрсатяпти.

«Қўшма Штатлар дунёдаги энг қудратли мамлакат бўлиб қолмоқда, аммо миллий рақобат кузатилмоқда ва биз ҳам Хитой, ҳам Россия билан стратегик рақобат муҳим эканини тан оламиз. Улар минтақавий тартибга чақириқ билан чиқишмоқда», - дейилади мамлакат бош вазири Синдзо Абэ ҳукумати томонидан тасдиқланган 10 йиллик мудофаа режасида.

Шунингдек, ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги вақтда Япониянинг мудофаа позициясига Америка Қўшма Штатлари, Хитой, КХДР ва Россия каби давлатлар жиддий таъсир кўрсатди.

Япония тахминан 4 млрд долларга Американинг 42та F-35 қирувчисини сотиб олишни режалаштирмоқда, бу буюртма берилган 42та самолётга қўшимча бўлади, дейилади материалда.

Қайд этилишича, F-35’ни харид қилиш Японияга Қўшма Штатлар билан савдо урушидан қочишга ёрдам беради. Хусусан, АҚШ президенти Дональд Трамп япон автомобиллари импортига божлар жорий этиш билан таҳдид қилганди. Кейинчалик Аргентинада бўлиб ўтган саммитда Трамп Абэга Америка қирувчилари сотиб олингани учун миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония янги мудофаа стратегиясини ишлаб чиққани, кемаларнинг бир қисми авиаташувчиларга айлантирилиши хабар қилинганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид