Жиноят ишлар бўйича Оқдарё туман судида судья Илёс Дониёров раислигида Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т.га нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Н.Т. — Интернетда машҳур бўлган аёл. У икки фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи 2016 йили вафот этган. 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани хабари жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарганди. Санъат Умаровнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, у суд ҳукми билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Судланувчи, Н.Т. эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган ўғрилик) билан айбланди.

Каттақўрғон ИИБда таҳқирланган аёл Оқдарёда судланмоқда — тафсилотлар

Аввалги суд мажлисларида 30 сентябрь куни ўғирлатган телефонлари ва бошқа нарсаларини қайтариб олган ҳамда етказилган моддий зарарлари қопланган жабрланувчилар — Саодат Эгамбердиева, Сожида Бўриева, Мухлисахон Нарзуллаева судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришган.

Лекин, Н.Т. 16 сентябрь куни Наргиза Ҳасановага тегишли Samsung Galaxy J2 смартфони ҳамда 400.000 сўм пулни ўғирлаганидан тонаётган эди.

19 декабрь куни суд мазкур жиноят ишини кўришни якунлаб, ҳукм ўқиди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, судда сўнгги сўз берилганида Н.Т. барча 4 эпизод бўйича айбига иқрор бўлиб, зарарларни қоплаганини, жабрланувчиларнинг бирор эътирози йўқлигини таъкидлаб, бундай ишларни бошқа қайтармаслигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.

Аввалига судья И.Дониёров Н.Т. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисмининг «а» банди билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилу 9 ойга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади. 

Н.Т.нинг вояга етмаган қизининг судда педагог ёрдамида берган кўрсатмаси, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатмаси билан Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) билан айблов қисми олиб ташланди.