Ўзбекистон | 10:00 / 24.12.2018
27793
2 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги автомобиль заводи 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган лойиҳалар рўйхатига киритилмади

Фото: PSA Groupe

Жиззахдаги автомобиль заводи 2019 йилда ишга туширилиши керак бўлган лойиҳалар рўйхатига киритилмади. Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айтилади.

Ҳужжат билан 2019 йилда ишга тушириладиган объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларининг манзилли дастури тасдиқланди.

Улар орасида Тошкент металлургия заводи, Тошкент метросининг Юнусобод линияси иккинчи босқичи, халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш лабораториясига эга Лойиҳа-муҳандислик маркази (барча уч объектни ишга тушириш 2019 йил декабрига мўлжалланган) ва бошқалар бор.

Дастурда «Ўзавтосаноат»дан фақат битта лойиҳа - Норин туманида икки ва уч ғилдиракли мотоциклларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бор. Уни 2019 йил март ойида ишга тушириш режалаштирилмоқда, лойиҳа қуввати - 10 минг дона, 3 мингтаси 2019 йилда ишлаб чиқарилади.

Жиззахдаги автомобиль заводи эса бошқа дастурга киритилди - 2019 йилда ишлаб чиқилиши керак бўлган истиқболли лойиҳалар рўйхати.

Шунингдек, Намангандаги автомобиль заводи (Hyundai юк машиналари, микроавтобуслар, автобуслар ва махсус транспорт воситалари) ҳам бу рўйхатдан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзавтосаноат» Жиззахда автозавод қуриш лойиҳаси концепцияси ўзгартирилиши ҳақида маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид