24 декабрь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига қарашли, Москва-Тошкент йўналишида HY604 рейсини амалга оширган Boeing 787-8 Dreamliner самолёти парвози 1 соату 18 дақиқага кечикди.

Хорижий нашрларда ушбу кечикиш сабаби сифатида самолётда техник носозлик юзага келгани айтилди.

Хусусан, «Озодлик» нашри авиакомпаниянинг исмини сир тутишни сўраган мутахассисига асосланган ҳолда ишга туширилганига икки йил ҳам бўлмаган самолётнинг мотори бутунлай ишдан чиққанини ёзди.

«Регистрация рақами UK-78702 бўлган Dreamliner 24 декабрь куни Москвадан 1,5 соат кечикиб учди. Самолëт базўр Тошкентга қўниши билан моторни очишди. Ичидан қиринди чиқди, турбина кураклари қайрилгани маълум бўлди. Яхшиямки, самолëт эсон-омон Тошкентга етиб келди. Ҳавода двигатель ишдан чиқса нима бўларди? Муҳандислар самолётда ортиқча вибрация борлигини олдиндан билишган, раҳбариятга ҳам маълум қилишган. Лекин самолётни дарҳол рейсдан чиқариб, техник кўрикка олиш ўрнига учиришди», дейилади манбада.

Нашр бу маълумотни текшириш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг тижорат департаменти, унга техник хизматлар кўрсатувчи Uzbekistan Airways Technics АК билан боғланган, лекин жавоб ололмаган.

Flightradar24 сайти маълумотига кўра, Dreamliner UK-78702 охирги марта 24 декабрь куни Москвадан Тошкентга парвоз қилган. Сайт маълумотига кўра, авиакомпания ихтиёридаги Dreamliner’лардан бири деярли бир ҳафтадан буён ҳавога кўтарилмаяпти (регистрация рақами UK-001 бўлган яна бир самолёт ҳам ҳаракатсиз қолмоқда).

Нашр манбаси самолётлар мотори қисқа масофаларга кўп парвозлар қилиши оқибатида ишдан чиққанини айтган.

«Dreamliner бир учишда 13 минг километргача учадиган, двигатели кучли самолëт. Унинг тижорий қиммати ҳам узоққа учиши ва ëнилғи тежашидадир. Дунëнинг аксар авиакомпаниялари Dreamliner самолётларини айнан 10 минг километрдан узоқ рейсларга қўйиш учун сотиб олади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» эса Dreamliner’ларни Москва, Истанбул, Дубай ва Пекин каби 5000 километрга ҳам етмайдиган масофаларга учириб, аллақачон унинг моторини ишдан чиқарди. Учиши керак бўлган масофанинг ярмига ҳам учмаса, двигатель икки баравар тезроқ ишдан чиқади», деган у.

Манба миллий авиакомпания йил охиригача 3 миллион йўловчи ташигани ҳақида президентга ҳисоб бериш мақсадида самолётларни мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда эксплуатация қилганини қўшимча қилган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси номини Uzbekistan Airways’га ўзгартирган компания «Озодлик» нашри томонидан тарқатилган Boeing-787 Dreamliner самолётининг носозлиги ҳақидаги хабарга раддия берди. «Ишон, аммо текшир. «Орзу лайнери»га очиқ туҳмат» сарлавҳали раддияда хориж нашри материали «асаби бақувват томошабинлар учун триллер сценарийси»га қиёсланган.