Сурхондарё вилояти, Узун тумани «Агромониторинг маркази» ходимлари Kun.uz таҳририятига мактуб йўллаб, 21 059 981 (йигирма бир миллон эллик тўққиз минг саксон бир) сўмлик иш ҳақлари саккиз ойдан буён тўлаб берилиши пайсалга солинаётганига жамоатчилик эътиборини қаратишда ёрдам сўраган.
Мактубда баён қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги, АТБ «Агробанк» республика бошқаруви ва «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти «Агромониторинг маркази» МЧЖ ходимларининг 2018 йил йил 1 апрелигача иш ҳақидан бўлган қарздорликларни хатловдан ўтказиб, тўлиқ тўлаб берилишини таъминлашлари лозим бўлган. Бу ҳақида 2018 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раисилигида ўтказилган қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси йиғилишида тегишли топшириқлар берилган бўлса-да, баённоманинг 2.5-банди ижросини бажариш шу кунга қадар ортга суриб келинмоқда.
Жамият ходимлари (жами 5 нафар) Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон бош вазири, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон бош прокурори, «Ўзпахтасаноат» АЖ, Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси, Сурхондарё вилояти прокуратураси, Узун туман прокуратурасига муаммо юзасидан йўллаган мурожаатлари натижасиз қолмоқда.
Ваҳоланки, Молия вазирлигининг жавоб хатида «Агромониторинг марказлари пахта тозалаш корхоналари, дон маҳсулот корхоналари, нефть корхоналари «Ўзагролизинг» АЖ ва «Ўзагросервис» АЖ тизими корхоналари таъсисчилигида ташкил этилганини ҳисобга олиб, Молия вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» акционерлик жамиятидан «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг иш ҳақидан бўлган қарздорлигини тўлаб бериш чораларини кўриш сўралган.
Вилоят прокуратураси томонидан аниқлик киритилишича, Узун тумани «Агромониторинг маркази» МЧЖ АТ «Агробанк» Узун туман филиалида 2017 йил 2 мартда ҳисоб рақамини очиб ўз фаолиятини юрита бошлаган. 2017 йил давомида Узун тумани «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг ҳисоб рақамига жами
29,1 млн сўм маблағ келиб тушган. Шундан фермер хўжаликларининг имтиёзли кредит ресурс маблағлари ҳисобидан 20,9 млн, «ЎЗГАЗЛИЗИНГ» АЖдан 3,7 млн, «Термиз нефть» УКдан 2 млн сўм, Узун туман МТПдан 2,5 млн сўм пул маблағлари устав фондини шакллантириш учун тушган. Бироқ, иш ҳақини ундиришга оид бирор амалий чоралар кўрилмаган.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти Молия бошқармаси, вилоят «Агробанк» АТБ ва вилоят «Ўзпахтасаноат» АЖга бош вазир томонидан 2018 йил 17 апрелда тасдиқланган баённомани ижро қилиш учун тегишлилиги бўйича республика идоралари томонидан бирор кўрсатма ёки топшириқ берилмаган. Шу сабабли, «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг иш ҳақидан қарздорлигини бартараф этиш чоралари кўрилмай қолган.
















