Жаҳон | 13:04 / 01.01.2019
10031
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Трамп билан музокараларда «бошқа йўл» излашини маълум қилди

Фото: Reuters

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг маълум қилишича, Корея ярим оролини ядросизлантириш жараёнини давом эттиришга қатъий бел боғлаган, бироқ АҚШ сиёсати уни бунинг учун «бошқа йўл» излашга мажбур қилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Кимнинг сўзларига кўра, агар Вашингтон КХДРдан бир томонлама ҳаракатлар талаб қилишни тўхтатмаса, янги йўлга эҳтиёж пайдо бўлади.

Ким Чен Иннинг айтишича, истаган пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишга тайёр. Шу билан бирга, унинг билдиришича, агар Қўшма Штатлар «тегишли чоралар» қабул қилса, ядросизланиш соҳасидаги олға силжиш анча катта бўлади.

Бундан ташқари, Шимолий Корея етакчиси Жанубий Кореяни «ташқи кучлар» билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказишни тўхтатиш ва Корея ярим оролида тинчликни сақлаш бўйича кўп томонлама музокараларни давом эттиришга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ва КХДР темир йўлларни бирлаштиргани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид