Спорт | 16:50 / 04.01.2019
10756
2 дақиқада ўқилади

Қўл жанги бўйича очиқ чемпионатга старт берилди

Бугун, 4 январь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт-соғломлаштириш мажмуасида қўл жанги бўйича Ўзбекистон Қуролли Кучлари очиқ чемпионатига старт берилди.

Икки кун давом этадиган мазкур чемпионат Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Чемпионатда мамлакат Қуролли Кучлари вазирлик ва идораларининг саккизта жамоаси ўзаро куч синашмоқда.

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия тасарруфидаги «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти қўл жанги усталари ғолиблик учун баҳсга киришди.

Мусобақа 7та — -65 кг, -70 кг, - 75 кг, - 80 кг, - 85 кг, - 90 кг, ҳамда 90 килограммдан юқори вазн тоифасида ташкил этилди.

Дастлабки саралаш ва ярим финал баҳслари натжаларига кўра, -70 кг ҳамда 90 килограммдан юқори бўлган вазн тоифасида кураш олиб борган Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг икки нафар спортчиси финал йўлланмасини қўлга киритди.

Финал жанглари ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими эртага ўтказилади.

Мавзуга оид