Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасидаги навбатдаги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.
Қарор хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт устувор тармоқларининг юқори малакали мутахассисларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш вазирликлар ва идораларнинг мақсадли буюртмалари асосида Жамғарма маблағлари (Жамғарма стипендиялари) ҳисобидан қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
таълим;
фан ва илмий тадқиқотлар;
соғлиқни сақлаш;
давлат бошқаруви;
иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари.
2019-2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш дастурлари бўйича ўқишга юбориладиган кадрларнинг прогноз миқдори 3-иловага мувофиқ 4 000 ўриндан кам бўлмаган миқдорда, Жамғарма стипендияларига ажратилган умумий ўринларнинг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорини магистратура ва докторантурада ўқиш учун ажратилиши маъқулланган.
Вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 августга қадар жамғарма дастурлари бўйича хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга буюртмалар портфелини шакллантиради, шунингдек, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таклифларни Жамғармага киритади, шунингдек, энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг танловида иштирок этишлари учун тавсия қилади.
Жамғарманинг Васийлик кенгаши Жамғарма стипендияларини олиш учун йўналишлар бўйича номзодларни танлов асосида саралаб олиш юзасидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор мутахассисликларини тасдиқлайди, номзодларни танлов асосида саралаб олишнинг тегишли даражаси ва сифатини таъминлаш мақсадида танлов йўналишлари бўйича ажратилган ўринларни қайта тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилади.















