Ҳозирги кунда қулоқчинлардан кенг фойдаланилади. Уйда, йўлда, ишхонаю таълим масканларида, метро ва автобус каби жамоат транспортларида – хуллас, ҳамма жойда ҳаммабоп: ёшлар ҳам, катталар ҳам бирдай фойдаланиши мумкин. Бу электрон жиҳознинг кўпгина қулайликлари билан бир қаторда баъзи нохуш оқибатлари ҳам бор. Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси кўп учрайдиган касалликлар ҳақида фойдали маълумотлар беришда давом этади. Шифокор Дилбар Ҳамиджонова билан суҳбатда қулоқчинларнинг инсонга етказадиган зарарлари тўғрисида сўз боради.

Бугунги кунда иш жараёнимдан келиб чиқиб айта оламанки, қулоқчинларнинг соғлиққа зарарли томонлари ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишади. Қулоқчинларни ишлатиш мумкин эмас деб бўлмайди. Масалан, ёшлар тил ўрганишда фойдаланишади, баъзида ёқтирган нарсаларини эшитишади. Қулоқчинларнинг фойдали жиҳатларини инкор этиб бўлмайди. Лекин меъёридан ошиб кетса, жудаям кўп зарарли оқибатларга олиб келади. Қулоқчинларнинг асосий зарари қулоқнинг эшитиш қобилияти пасайишига олиб келади.
Видео: Tas-IX
Видео: YouTube
Қуйида қулоқчинларнинг баъзи зарарларини санаб ўтамиз.
Биринчидан, у эътиборни бузади.
Иккинчидан, эшитишга салбий таъсир кўрсатади. Яъни, эшитишнинг пасайишига олиб келади.
Қулоқчинлар қулоғимизда бўлган вақтда келаётган товуш тўлқинларининг масофаси қисқаради. Бу дегани қулоқчинсиз биз нормал ҳолатда ҳаводаги қаршилик билан қулоғимизга етиб келгунича, унинг кучи пасаяди. Қулоқчин таққанимизда эса масофа қисқариб, таъсири баландроқ, кучлироқ бўлади. Натижада, қулоқ ноғора пардасининг кучли тебраниши ва толиқиши ҳисобига эшитиш қобилияти сусаяди.
Қулоқчинларни узоқ муддат тақиб юриш мумкин эмас. Кўпи билан 40 дақиқа ёки 1 соатгача тақиб, ундан кейин ечиб маълум муддатдан сўнг яна тақиш мумкин. Ҳозирда айрим ёшлар қулоқчинлар тақилган ҳолда ухлашади ёки бирон иш қилиш давомида тақиб олишади. Қулоқчинлар қулоқда узоқ вақт қолиб кетганини ўзлари билмай қолишади. Илтимос қилардим, ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизга эътибор қилинг. Уларни доим назорат остига олинг.


















