Жорий йил 29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Мазкур лойиҳа билан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz’га.
Бугунги кунда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида бирор-бир айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Охирги пайтларда бундай ғайриқонуний тажовуз акс этган тасвирлар турли ижтимоий тармоқларда учраши ҳолатлари кўпайиб қолди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. – Оқибатда хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига ҳаттоки, тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам айрим ҳолларда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан содир этилган тажовузлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кузатувлар бундай ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан фақат биттасигина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат этишаётганлигини кўрсатмоқда.
Яқиндагина Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Ипотека банк” биноси олдида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига нисбатан зўравонлик қилган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилиб, у озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилганлиги тўғрисидаги хабарлар оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида кенг тарқалди.
Ўтган йил 3 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида фуқаро М.М. тез тиббий ёрдам ходимларининг кеч етиб келганини, улар келгунга қадар бобосининг вафот этганини айтиб, тез тиббий ёрдам шифокори Ш.Сирожиддиновга ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказгани кўпчиликка маълум. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор беморнинг яшаш манзилига 10 дақиқа ичида етиб борган ва борган пайтда бемор аллақачон вафот этган бўлган.
















