Ўзбекистон | 08:51 / 06.02.2019
19430
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ғўзанинг янги навлари яратилди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси олимлари томонидан ғўзанинг янги «Занги-Ота-2», «Ишонч» ҳамда «Зафар» навларига патент олинди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Фанлар академияси хабарига кўра, ғўзанинг янги истиқболли «Занги-Ота-2» нави тезпишар, тола чиқими ва сифати юқори, турли иқлим-тупроқ мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Ҳозирда бу нав Қашқадарё вилояти янги навлар уруғлигини кўпайтириш фермер хўжалигида кўпайтирилмоқда.

Ғўзанинг янги истиқболли «Ишонч» нави андоза навларга қараганда, сув танқислиги, тупроқ шўрхоклигига бардошли, тола сифати жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Ишонч ғўза нави ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг сув танқис туманларида экиб кўпайтирилмоқда.

Ғўзанинг истиқболли «Зафар» нави олинган натижаларга асосан республиканинг турли вилоят нав синаш шохобчаларида толанинг сифат кўрсаткичлари юқори ва барқарор бўлганлигини кўрсатди. Бу нав ҳозирги кунда Қува тумани янги навларни уруғлигини кўпайтириш фермер хўжаликларида экиб кўпайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ғўзанинг янги - «Ният» нави яратилганди.

Мавзуга оид