Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияси тасарруфидаги мавжуд ҳарбий академик лицейларни “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Темурбеклар мактабларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун билимдон, кенг дунёқарашга эга бўлган, теран фикрловчи, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан бақувват ҳамда ўз халқи ва она Ватанига садоқат билан хизмат қилишга тайёр номзодларни тайёрлаш;

ёшлар орасида ўзининг қатъий эътиқоди, ёт ғояларга нисбатан қарши тура олиши, мафкуравий иммунитети мустаҳкам ҳамда юксак интизомга эга, жавобгарлик ва масъулият тушунчалари юқори бўлган ёшларни шакллантириш;

ҳарбий хизматчи учун зарур бўлган бошланғич касбий билим ва кўникмаларга, юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, етук ва баркамол шахс сифатида ўз дунёқарашлари билан бошқаларни эргаштира оладиган ёшларни тарбиялаш;

етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш.

Белгилаб қўйилишича:

а) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

тегишли академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг иккинчи ва учинчи босқич ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тақсимоти асосида яқин ҳудуддаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида амалдаги ўқув дастурлари бўйича таълим олишни якунлайдилар ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат намунасидаги диплом оладилар;

Темурбеклар мактабларини бутлаш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ва Миллий гвардияси қўмондони томонидан тасдиқланган штатларга мувофиқ амалга оширилади. Бунда, педагог кадрлар лавозимларини бутлашда устунлик юқори малакали, кўп йиллик педагогик тажрибага ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган мутахассисларга берилади;