Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилиши мумкин:
16-модда (Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар) қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“никоҳ шартномаси тузилмаган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.”.
30-модданинг (Никоҳ шартномаси тузиш) биринчи қисми (Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин) қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар тузилиши лозим.”.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.










