16:50 / 22.02.2019
26526

Жавоҳир Сиддиқов жамоасини ўзгартирди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Жавоҳир Сиддиқов жамоасини ўзгартирди. У янги мавсумни «Пахтакор»да бошлайди.

Tribuna.uz манбаси хабар беришича, Сиддиқов ижара асосида «Пахтакор»га ўтган. 

22 февраль куни «Қўқон-1912» жамоаси футболчилари Тошкентда норматив топширишди, унда Сиддиқов қатнашмади. Куннинг иккинчи қисмида эса футболчи «шерлар» жамоаси машғулотларида иштирок этди.

22 ёшли ушбу футболчи «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2016 йилда ижара асосида «Қўқон-1912» жамоасига ўтганди, кейинчалик қўқонликлар футболчининг трансфер ҳуқуқини сотиб олишганди.

Таъкидлаш керакки, «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе жамоа Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олганидан сўнг жамоа тез кунда яна бир трансферни эълон қилишини ва бу легионер эмаслигини айтганди.

Осиё Кубогидаги иштирокидан кейин Сиддиқовга хориж клубларидан ҳам таклифлар бўлганди, аммо у ОЧЛ йўлланмаси қўлга киритилгач, «Пахтакор» таклифини қабул қилгани айтилмоқда.

Маълумот учун, ОЧЛ саралашидан муваффақиятли ўтган «Пахтакор» 5 март куни гуруҳ босқичининг биринчи тур ўйинини Теҳронда «Персеполис»га қарши ўтказади. Ўзбекистон Суперлигаси эса 8 мартдан бошланиши эълон қилинган.

Top