Президентнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармонидан кейин ноқонуний қурилган уй-жойларга белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи берилмоқда.

Фармон асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди ва «Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида» Низом тасдиқланди.

Мазкур низом талабларига тўғри келмайдиган уй-жойларга мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Ушбу жараёнда айрим ҳолатларда ноқонуний қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқи берилишини сўраган айрим фуқаролар ва ҳокимликлар ҳузурида тузилган комиссиялар ўртасида айрим тушунмовчиликлар, низолар келиб чиқмоқда.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти Жондор туманидаги «Чорзона» маҳалласида истиқомат қилувчи Паҳлавон Каримовдан келган мурожаат айнан шу мазмунда.

Мурожаатда П.Каримов 2017 йилда қурган уйига мулк ҳуқуқи берилмаётгани, бунга Жондор тумани ҳокимлиги мутасаддилари тўсқинлик қилаётганини баён этган.

Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, П.Каримов «Чорзона» маҳалласи ҳудудидаги ўзбошимчалик билан қурилган уйига мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб, туман ҳокимияти ҳузуридаги комиссияга мурожаат қилган.

Мазкур ариза тегишли тартибда ўрганиб чиқилади ва кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш туман комиссияси далолатномасига асосан туман ҳокимининг 2018 йил 29 октябрдаги 1757-сонли қарори билан П.Каримовга юқоридаги низом асосида мулкка умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади. Турар жой учун кадастр ҳужжатлари ҳам расмийлаштирилади.

Аммо ушбу қарор туман ҳокимининг 2018 йил 13 ноябрдаги 1827-сонли қарори билан бекор қилинади.

«Биз барча зарур ҳужжатларни тақдим этганимиздан кейин мулк ҳуқуқи берилди. Аммо бир неча кундан кейин туман ҳокими қарори билан бекор қилинди. Ҳеч нарсага тушунолмай қолдик. Бизга бу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейди мурожаатчи.