Жаҳон | 11:56 / 26.02.2019
13789
2 дақиқада ўқилади

Россияда Ўзбекистоннинг беш фуқароси ҳаётига зомин бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм чиқарилди

Фото: Взгляд-инфо

Суд ўтган йилнинг ноябрь ойида Саратов областида поезд билан тўқнашиб кетган автобус ҳайдовчисини 2,5 йилга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда 25 февраль куни Россия ИИВнинг минтақа бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берган.

Суд эркакни беш кишининг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати қоидаларини бузганликда айбдор деб топди ҳамда унга икки йил ва олти ойга озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо тайинлади.

ЙТҲ 2018 йил 17 ноябрь куни Саратов области Озинский тумани ҳудудидан ўтувчи А-298 федерал автомобиль йўлининг 225-км.да содир бўлган. Йўловчи автобуси темир йўл поезди кесишмасида юк поезди билан тўқнашган. Натижада Ўзбекистоннинг беш фуқароси ҳалок бўлди ҳамда ҳайдовчи ва унинг шериги, Қозоғистон фуқаролари оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Полиция 61 ёшли автобус ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш очди.

Полиция аниқлашича, айбланувчи Kaessbohrer автобусини бошқариб, кўриш масофаси ёмон бўлган шароитда светофорнинг тақиқловчи чироғи ҳамда товуш сигнализациясига эътибор бермай темир йўл кесишмасига чиқиб кетган ва яқинлашиб келаётган поездни сезмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид