Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХТВ Жиззахда муштлашув натижасида мактаб ўқувчиси вафот этгани ҳақидаги маълумотни рад этди
Халқ таълими вазирлиги Жиззах вилояти, Зафаробод туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби 6-синф ўқувчисининг вафоти бўйича баъзи оммавий ахборот воситалари маълумотлари юзасидан баёнот билан чиқди.
Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, Жиззах вилояти, Зафаробод туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Б.Б. муштлашув натижасида эмас, балки юрак хасталиги туфайли вафот этган.
12 ёшдаги Б.Б. Зафаробод туман поликлиникасида туғма юрак пороги ташхиси билан диспансер назоратида турган. Шу сабабли ўқувчи жисмоний тарбия дарсларидан озод этилган бўлиб, фақат назарий билимлари асосида баҳоланган.
“ОАВ вакиллари тарқатган маълумотларда, ўқувчилар орасида чиққан муштлашув пайтида жароҳат олган, натижада касалхонада ҳалок бўлди, дея изоҳланган.
Аслида, воқеа ундай бўлмаган. Мактабнинг 6-синф ўқувчилари 2-сменада ўқишади. Воқеа эса эрталабки соат 10:40ларда содир бўлган. 2-смена эса соат 13:05да бошланади. Воқеа жойида бирон-бир юқори синф ўқувчилари ҳам, қуйи синф ўқувчилари ҳам бўлмаган.
Шу куни 6-синфнинг бир гуруҳ ўқувчилари маҳаллий стадионда ўзлари олиб келган копток билан футбол ўйнашган. Ўйин пайти узоқлашган коптокнинг орқасидан чопиб борган Б.Б. йиқилган. Мазкур воқеадан ўқувчилар томонидан хабар топган мактаб директори ўринбосари Ю.Бердибеков тез тиббий ёрдамига хабар берган. Етиб келган тез тиббий ёрдами ходими ўқувчининг вафот этганини маълум қилган”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу масала бўйича мактаб раҳбариятига оммавий ахборот воситаларининг ҳеч бири мурожаат қилмаган бўлса-да, чоп этилган мақолаларда директор билан боғланилгани тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқатилган.
“Халқ таълими вазирлиги айрим оммавий ахборот воситаларини юз берган фожиадан ўзининг манфаатлари йўлида фойдаланиб, тизимга оид асосланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақиради”, - дейилади баёнотда.