Қарши туманида яшовчи Ирода Ботирова Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, икки йилдан буён тадбиркорлик фаолиятини бошлашда тўсқинликка учраётганини, ҳеч ким уларга ёрдам қўлини чўзмаётганини билдирди.

Аслида ҳаммаси жуда оддий: 2015 йил 7 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2018 йил 3 июлдан ўз кучини йўқотган — кимошди савдолари МИБ қошидаги онлайн-аукционга топширилган) эълон қилинганди. Ана шу қарор асосида 2016 йил 26 декабрда Қарши туманидаги бир қатор объектлар қаторида «Чаман» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, ўлчами 30×70 метр бўлган 2100 квадрат метр ер майдони танловга қўйилади. Табиийки, танлов барча тадбиркорлар учун очиқ. Кимнинг таклифи яхшироқ бўлса — ўша ғолиб.

Хўш, кимнинг таклифи яхшироқ?

Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи учун минимал талаблар эълон қилинади, яъни унинг бошланғич нархи — 1.756.500 сўм, қурилиш муддати 3 йил, яратилиши лозим бўлган энг кам ишчи ўрни 5та, киритилиши лозим бўлган инвестиция миқдори 100 миллион сўм.

Танловда уч киши иштирок этади. Улардан бири — Ирода Ботирова, у 15 иш ўрни яратиш учун 600 миллион сўм инвестиция киритиш таклифини беради. Танловга қўйилган ер майдони учун таклиф эса 15 миллион сўм.

Яна бир иштирокчи — Қодиров Сардор Ўктамович (бу номни эслаб қолинг!) 5та иш ўрни яратиш, инвестиция киритиш учун 100 миллион сўм, ер учун 1,8 миллион сўм таклиф киритиб, 31 балл олган бўлса, учинчи иштирокчи — Бобоқулова Нилуфар Ўктамовна 15та иш ўрни яратиш, инвестиция учун 250 миллион сўм, ер учун эса 2,42 миллион сўм таклиф бериб, 53 балл олади.