Жаҳон | 08:02 / 01.03.2019
53753
2 дақиқада ўқилади

Россия ракеталарининг АҚШгача етиб бориш вақти маълум қилинди 

Фото: tvzvezda.ru/

Россиянинг гипертовушли ракетаси “Авангард” АҚШ ҳудудига тахминан 15 дақиқада етиб боради. Бу ҳақда Шимолий Америка ҳарбий-коинот мудофааси қўмондони генерал Терренс ОʼШонесси маълум қилди, деб хабар берди The Washington Times нашри. 

Генерал АҚШ сенатидаги чиқишида Россиянинг ноядровий қуроли имкониятлари ҳақида сўзлаб берган ва АҚШ ракеталарга қарши мудофаасининг бу таҳдидларга қарши тура олишга қанчалик қодирлигига баҳо берган.  

Унинг таъкидлашича, Россиянинг “Авангард” ва бошқа снарядлари АҚШ ракеталарга қарши мудофаасини ёриб ўтиб, мамлакат ичкарисидаги мўлжалларни ҳам йўқ қилиши мумкин.

ОʼШонессининг айтишича, “Калибр” ракета мажмуалари мамлакатнинг шимолий сарҳадларига таҳдид солади ва зарба беришда юқори аниқликка эга.

Ҳарбий, шунингдек, “Северодвинск” синфидаги субмаринага эътибор қаратди. Таъкидланишича, улар аввалги сув ости кемаларидан анча шовқинсиз ҳаракат қилади.

АҚШ учун Россия ҳарбий саноатининг хавфли ишланмаларидан Ту-160 ва Ту-95 бомбардимончилари ва узоқ таъсир доирасига эга ракеталари ҳам қайд қилиб ўтилган.

20 февралда Россия президенти Владимир Путин Федерал йиғин олдидаги нутқида “Авангард”нинг яратилишини Ернинг биринчи сунъий йўлдошини яратишга таққослаш мумкинлигини айтган. Аввалроқ у мажмуанинг қанотли жанговар блоки товуш тезлигидан 20 марта тезроқ уча олиши, “у мўлжалга метеорит, оловли шар каби учиши”, “блок эса шундай катта тезликда ишончли бошқарилишини” қайд қилиб ўтган.    

Мавзуга оид