Халқаро эксперт: «Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя учун талаб ва таклиф даражаси мувофиқ эмас»
ЮНИСЕФ томонидан жалб қилинган Колумбия университети (АҚШ) халқаро экспертлари томонидан Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий ҳимоя тизими тадқиқ этилди, ютуқ ва камчиликлар белгиланди.
Тадқиқот натижалари 1 март куни бўлиб ўтган «Болаларга ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси ходимлари фаолиятини такомиллаштириш» мавзусидаги давра суҳбатида маълум қилинди.
Халқаро эксперт Людмила Кимнинг эътирофича, жамиятни қўллаб-қувватлашда маҳалла институтининг роли, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат стратегик сиёсатининг муҳим қисми эканлиги ва бунинг қонунчиликда акс этиши, сўнгги икки йилда давлат ва нодавлат ташкилотларида ижтимоий ҳимоя тизими кадрлар сонини кўпайтириш ва малакасини оширишга эътибор қаратилаётгани Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя сиёсатининг ютуқлари ҳисобланади. Шунингдек, мутахассис мамлакатда ижтимоий ҳимоя қамрови мавжуд талаб ҳажмига қараганда анча камлигини қўшимча қилди.
Экспертлар гуруҳи тақдим этган маълумотларга кўра, оилалар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватловчи ягона марказий ташкилотнинг мавжуд эмаслиги, ҳимоянинг давлат муассасаси қарамоғига олишдан бошқа муқобил вариантлари (патронат, ҳомийлик, васийлик) кам фоизда мавжудлиги, ижтимоий ҳимоя тизими кадрларининг мутахассислик маълумотига эга эмаслиги, улар учун аниқ квалификация талабларининг белгиланмаганлиги соҳанинг камчилик ва муаммолари сифатида қайд этилган.
Шунингдек, тадқиқотлар натижаси ўлароқ ижтимоий ҳимоя тизими кадрларини узлуксиз ўқитиш, кадрларга қўйиладиган касбий талабларни қайта кўриб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи ягона давлат муассасасини ташкил этиш, соҳа бўйича таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш экспертлар томонидан таклиф этилди.
11 февраль куни қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Қарорига мувофиқ болалар ижтимоий ҳимоясини деинститутализация қилиш, яъни қаровсиз болаларнинг давлат муассасаларида эмас, балки ҳомийлик ва васийлик асосида оилаларда тарбияланишини таъминлаш бўйича янги концепция ишлаб чиқилиши ва бунда Колумбия университети экспертлари тадқиқот натижаларидан фойдаланилиши ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
17:57 / 12.10.2024
Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
21:01 / 23.09.2024
Одамларнинг 1 фоизи деярли барча аҳолидан бойроқ экани маълум бўлди
23:10 / 22.09.2024