Олий Мажлис Сенатига уй-жойларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказишдаги бюрократик тўсиқ ва муаммолар ҳал этилмаётганлигидан норози бўлган фуқаролардан кўплаб аризалар келиб тушмоқда, дея маълумот берди сенатор Муҳамет Жумагелдиев.
Маълум қилинишича, Фарғона шаҳар Барҳаёт-Бойчечак кўчасида истиқомат қилувчи 100 нафардан ортиқ фуқаро шаҳар ҳокимининг 2005 ва 2007 йиллардаги қарорларига биноан ажратиб берилган ер майдонларига якка тартибда уй-жой қуриб, ўтган йиллар давомида яшаб келаётган бўлса-да, уй-жойларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштириш бўйича давлат ҳокимияти идораларига қилаётган мурожаатлари натижасиз қолаётганлигини билдирган.
«Кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаслигига шаҳар ҳоким қарори билан ажратилган ер майдони фермер хўжалигига тегишли эканлиги ва шу кунгача фермер хўжалиги ҳисобидан чиқарилмаганлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилган», — дейди сенатор.
Бундан ташқари, сенатор айрим ҳолатларда ҳеч қандай рухсатсиз, деҳқон‑фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан уларга вақтинчалик фойдаланишга берилган ерлардан фуқароларга уй‑жой қуриш учун сотиб юборилиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
«Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлмоқда», — Сенат қўмита раиси.
Жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишдаги тўсиқларни бартараф этиш, уларни солиққа тортишга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига Парламент сўрови юбориш ташаббусини Сенат маъқуллади.
Парламент сўровида қуйидаги масалалар назарда тутилган:
—жисмоний шахсларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ер майдонлари ва кўчмас мулк объектларини ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) кесимида қайта кўриб чиқиб тегишли маълумотлар базасини яратиш;
—аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазирлик, қўмита ва жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти, бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган вазифалар бўйича аниқ молиявий манбалари, ижрочилари ва ижро муддатлари кўрсатилган ҳудудий ва тармоқ дастурларини қабул қилиб ижросини таъминлаш;
— кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мулк объектларидан солиқларнинг тўлиқ ундирилишига эришиш;
— «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги ва «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонунлар талаблари асосида вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти органларининг жисмоний шахслар кўчмас мулк объектлари ва ер майдонларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, уларни давлат рўйхатидан ўтказишга доир қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш орқали қонунлар ижросига тўсқинлик қилаётган ёки салбий таъсир этаётган нормаларни бекор қилиш борасидаги ишлар;
— жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича «Ергеодезкадастр» ва Давлат солиқ қўмиталари маълумотлар базаларининг тўлиқ бўлиши ва мувофиқлаштирилишини қисқа муддатларда охирига етказиш ҳамда ўзаро ахборот алмашинув тизимини такомиллаштириш;
— ер майдонлари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича маълумотлар базасидан фуқароларнинг эркин фойдаланиш имкониятини яратишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш масалалари тўғрисида ёзма шаклда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган.











