Иқтисодиётининг ривожланиши ва аҳолининг фаровонлигини таъминлашда бозорлар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам республикамизнинг турли ҳудудлари, шаҳар ва туманларида замонавий бозорлар қурилмоқда. Албатта, тадбиркорларнинг барқарор фаолият юритишида ва ўз бизнесини ривожлантиришда ҳам бозорлар муҳим ўрин тутади.
Тадбиркор умид билан янги қурилаётган замонавий бозордан дўкон харид қилса, аммо бир неча йил ўтиб ҳам фаолиятини бошлай олмаса-чи? Бу унинг тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Kun.uz таҳририятига ана шундай ҳолатга тушган тадбиркорлардан келган мурожаат асосида Бухоро шаҳрида шу мазмундаги масалани ўргандик.
«2015 йил 13 февралда шаҳар ҳокимлигида ўтказилган танлов савдоларида «Мустақиллик» кўчасида қурилиши белгиланган буюм савдо мажмуасидаги дўконлар ер участкалари сотилди. Мен раҳбарлик қилаётган корхона ҳам танлов ғолиби деб топилиб, 5та ер учатскасини сотиб олдик. Ўша пайти 30 миллион сўмдан пул тўладик (ўша вақтда бу сумма 10 минг АҚШ долларини ташкил қилган). Аммо мана қарийб беш йилга яқин вақт ўтаяптики, бу савдо мажмуаси фаолияти йўлга қўйилмайди. Маблағларимиз ҳам шунча вақтдан буён музлаб турибди. Бу ҳолатдан кўпгина тадбиркорлар норози. Қурилиш ташкилоти ҳалигача ишларни якунига етказмай, пайсалга солмоқда. Қурилиш ишлари якунига етган дейишади, аммо ҳали камчиликлари кўп, ишлар сифатсиз олиб борилган. Савдо мажмуаси атрофи ҳануз ободонлаштирилмаган. Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу борада зарур чораларни кўрмаяпти. Бу эса тадбиркорлик фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатмоқда», – дейди тадбиркор Шуҳрат Каримов.

Ушбу эътирозлар асосида янги қурилган савдо мажмуасини кўздан кечирдик. Бир қарашда кишида қурилиши якунига еткандек тасаввур уйғотса-да, мажмуа ичидаги дўконларда ҳали камчиликлар бор. Дўконларнинг эшиклари ҳали тўлиқ ўрнатилмаган. Тадбиркор айтганидек, қурилиш сифатсиз олиб борилган. Ҳали ишга тушмаган дўконларнинг айримларининг деворлари кўчиб тушган, ёғингарчилик вақтлари айримларининг томидан чакка ўтганини кўриш мумкин. Савдо мажмуаси атрофи асфальтланмаган ва тегишли ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган.






















