Мураккаблик нималигини тадбиркор ва ҳокимлик ўртасида узоқ вақт давом этаётган баҳсли ҳолатни ўрганганингизда биласиз...

Тадбиркор бор вазиятни сизга тушунтириш учун бир дунё қоғозлар, қарорлар, баённомалар, суд қарорлари, аризалар ва уларга жавобларни олдингизга ташлайди. Мана шу жойда миянгизнинг охирги ҳужайрасигача ишлатиб, бўлиб ўтган жараён ичига кириб борасиз. Аввалига ўрмондек кўринган ишни таҳлил қилгач, ичидан сўқмоқлар ҳам топилиб қолади. Ҳар икки томонни ҳам тингламасангиз, ишни борича тушуна олмаслигингиз ҳам мумкин.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи «MIRCURI» жамияти томонидан келган мурожаатни ўрганиш учун бордик.

«MIRCURI» жамияти таъсисчилари Қобул Дадажонов ва Зоҳиджон Меҳмонов ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 2018 йилнинг 28 июлида Қўқон шаҳри 46-МФЙ Фурқат кўчасида жойлашган «SETUP LINE» оилавий корхонасига қарашли 11000.00 м² ер майдонига эга бўлган бино-иншоотларни нотариал тартибда сотиб олади.

Ушбу ер майдони «SETUP LINE» оилавий корхонаси раҳбари Раҳимжон Нурматовга Қўқон шаҳар ҳокимининг 2015 йил 10 мартдаги №119 сонли қарорига асосан стол тенниси, пейнтбол  ва картинг майдонлари қуриш учун ажратиб берилган. Оилавий корхона номида иншоотларга кадастр ҳужжатлари мавжуд.

«MIRCURI» жамияти таъсисчилари қарийб 250 миллион сўмга сотиб олинган ҳудудда эркаклар учун пальто тикиш цехи, озиқ-овқат қадоқлаш, маиший техника воситалари, кондитер, маиший техника жиҳозлари (дазмол, электр чойнак ишлаб чиқариш) цехларини йўлга қўймоқчи бўлишган. 200 нафар кишига иш ўрни яратишни режа қилган тадбиркор ушбу ер майдонини ишлаб чиқариш тоифасига ўзгартириш учун Қўқон шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Бунинг учун Қўқон шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК лойиҳалаш институти билан келишиш учун планшет тайёрланиб, Қўқон шаҳар ҳокимияти, шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, шаҳар ЁХБ, шаҳар ДСЭНМ, табиатни муҳофаза қилиш Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан тасдиқланган.