Ўтган ҳафта кўплаб оммавий ахборот воситаларида Фарғона вилоят Ўзбекистон тумани, Ўқчи қишлоғидаги 17-умумий таълим мактаби ўқувчисининг номаълум кимёвий модда ютиб, вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Омма эътиборини тортган хабарлар мазмуни деярли бир хил бўлди. Уларда ўқувчига мактабдошлари мажбурлаб карбид моддаси юттиришгани ва оқибатда у оғир аҳволда касалхонага тушиб, вафот этгани ҳақида ёзилди.
Биз, Фарғона вилоятига бориб, мудҳиш воқеа тафсилотлари билан батафсил танишишга ҳаракат қилдик.

Бизни туман ҳокимлиги мутасаддилари кутиб олиб, мавжуд саволларга тегишли жавоб олишимиз учун туман халқ таълими ва тиббиёт бирлашмаси раҳбарларини чақириб беришди.

Туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Тоҳиржон Раҳимов 17- умумий таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси С.А. 2019 йил 15 февраль куни мактабга 07:30 да келиб, олти соат дарс машғулотларида қатнашганини, таълим даргоҳида ўқувчига синфдошлари, юқори синф ўқувчилари, педагоглар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаганини билдирди. 13:05да дарслар тугагач, С.А. аввал бувисининг уйига кейин ўзининг хонадонига боради. Сўнг унинг қаттиқ бақирган товуши эшитилгач, қўшнилари кирганида бола қорнини ушлаб йиғлаётган бўлган. Ўқувчи шу куни шифохонада ётқизилиб, жарроҳлик операцияси ўтказилган.
Сўнг туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари Акмалжон Расулов билан суҳбатлашганимизда шифокор қуйидаги маълумотларни берди:
“Бемор 15 февраль куни 15:20да “кимёвий моддадан заҳарланиш” ташхиси билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Сўнг навбатчи шифокорлар томонидан текширув ўтказилиб, шошилинч операция қилинди. Операциядан сўнг беморга, “Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакнинг номаълум модда туфайли кимёвий куйиши ва жароҳатли ёрилиши, катта чарви кимёвий куйиши, ошқозон ости иккиламчи панкратити, гамоперитониум, геморагик шок, оғир даража” ташхиси қўйилган. Шундан сўнг С.А. яна бир бор жарроҳлик операциясига ётқизилиб, 26 феврал куни вафот этди”.
Шундан сўнг туман халқ таълими мутасаддиси билан марҳум ўқиган мактабга бордик.



















