Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, инвесторлар томонидан меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми субсидия ҳисобидан қопланади.

Бунда субсидия ажратиш учун меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган бўлиши лозим.

Инвесторлар харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори низом кучга кирган вақтдан бошлаб қўшимча равишда янгидан ташкил этилаётган меҳмонхона хоналари сони 50 мингтага етгунига қадар амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар чорак якуни билан қўшимча равишда янгидан ташкил этилаётган меҳмонхона хоналари ҳисобини юритади ва Молия вазирлигига тақдим этади.

Инвесторлар ва ташкилотлар Давлат бюджетидан субсидия олиши ёки қисман молиялаштирилиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаган;

қайта ташкил қилиш, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаган;

Давлат бюджетидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш мақсадларига маблағ жалб қилмаган.

Субсидиялар инвесторларга янгидан қурилган меҳмонхона қуйидаги талабларга жавоб берганда ажратилади:

камида 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона;

камида 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона.

Субсидиялар Қўмита томонидан меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач қуйидаги миқдорларда бир маротаба:

камида 3 юлдузли тоифа ҳамда 50 ва ундан кўп хоналарга эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм;

камида 4 юлдузли тоифага ҳамда 100 ва ундан кўп хоналар эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмдан ажратилади.