Ҳар хил ғалабалар бўлади. Тўғри тактика асосида қўлга киритилган натижа... Ёки қайсидир футболчининг индивидуал маҳорати тақдим қилади баъзида голни. Баъзи пайтларда шижоат, ирода ёрдамида ҳам ғалаба қозониш мумкин. Ҳа, ҳар қандай муваффақиятда бу омиллардан қандайдир улуш бор, аммо масалан, «Манчестер Юнайтед»нинг кечаги қаҳрамонлиги аввало ниманинг ҳисобига юзага келгани ҳақида ўйлай бошласам, бир сўз хаёлга келади – РЕЖА!
«Олд Траффорд»даги жуда ёмон натижа ва таркибдаги жуда кўп муаммолар туфайли, Сульшер бемалол ЕЧЛ жамоа учун якунланганини айтиши ва асосий эътибор АПЛга қаратилишини айтиши мумкин эди. Уни ҳеч ким айбламасди ҳам. Аммо мураббий ундай қилмади, ростдан ҳам, имкон борлигида охиригача курашмай туриб, янаги йилги ЕЧЛ йўлланмаси учун курашишдан не мантиқ? Беихтиёр сэр Алекс Фергюсоннинг 20 йил олдин «Бавария»га қарши финал танаффусида шогирдларига айтган гаплари эсга тушади:
«Сиз ҳозир кубокдан эллик метр узоқда турибсиз холос. Унга тегиниш, ушлаб кўриш учун бугун бор имкониятни ишга солмай туриб, эртага яна бу соврин учун қайтиш ҳақида ўйламанг!».
Хуллас, Оле Париждаги жавоб ўйини ҳақида фикрлар бошланиши ҳамоно охиригача курашиш, ҳисобни ўзгартиришга уриниш ҳақида айта бошлади. «Чўққилар уларни забт этиш учун бор» – Сульшернинг бу сўзлари шунчаки, баландпарвоз ибора эмас, режанинг бир қисми экани ўз исботини топди.
Тўғри, кеча ўша яримта пенальти белгиланмаслиги, Париж эртароқ ўйин тақдирини ҳал қилиши, умуман ушбу Чемпионлар Лигасидаги «МЮ» ҳамманинг ёдидан чиқиб кетиши мумкин эди. Ҳаммасини қандайдир сониялар, вазиятлар ҳал қилиб юборган ўйинда режа ҳақида айтиш бироз эриш туюлар балки, аммо мураббийнинг ўйиндан олдинги сўзларига эътибор беринг:
«Ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. Биз ўйиннинг охирги қисмида ҳам ўйинда бўлишимиз керак. Агар бунга эришсак, сўнгги дақиқаларда босим қила оламиз. У ерда эса, ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин».
АПЛ жамоалари буни яхши тушунишади. Эътибор берсангиз, лига ўйинларида рақиб ҳар қанча кучли бўлмасин, жамоалар сўнгги дақиқаларгача «ўйинда бўлиш»га ҳаракат қиладилар, яъни бир тўп фарқидан ошиб кетмаса бўлди. Барибир сўнгги дақиқаларда босим уюштириш, сўнгги ҳужумлар ёмғирини амалга ошириш имконияти бўлади. Уёғи биргина стандарт, биргина зарба, биргина VAR ҳаммасини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.
Сульшер ҳам шуни назарда тутганди. Кеча ҳисоб 1:2 бўлганида Хайрулла Ҳамидов қўнғироқ қилиб, «кўнглим сезиб турибди, «МЮ» кейинги босқичга чиқади» деганида ҳам, «ишқилиб, охирги ўн дақиқагача шу ҳисоб сақланиб турсин-да» деб жавоб бергандим. «Юнайтед»да ғалаба учун ягона эҳтимол шу эканини мураббий ҳам биларди албатта. Сульшер Парижга худди шу режа билан келди ва эплади.

















