Шу йилнинг 12 январида Kun.uz сайтида «Қаршидаги хонадон ичидан чиққан «булоқ»дан оила азият чекмоқда. Муаммога ечим топиладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Қарши шаҳри, Ғофур Ғулом маҳалласидаги А.Хўжаев хонадони остидан ўтган магистрал ичимлик суви қувури ёрилиши натижасида ушбу уйда яшайдиган оила азият чекаётгани ва муаммо ҳал этилмаётгани ёритилганди.

Ушбу уйлар 1989 йилда хонадон эгалари ишлаган корхона томонидан қурилган. Ўша вақтда белгиланган меъёрларга амал қилинмаган ва магистрал ичимлик суви қувури устига уйлар барпо қилинган. Хонадонлар учун барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.
Анча йиллар аввал йўл қўйилган хато бугунги кунда ушбу оиланинг азият чекишига сабаб бўлаётгани, ушбу хонадоннинг ён-атрофидаги уйларда истиқомат қилаётган оилалар ҳам шундай хавф остида яшаётгани аввалги мақолада айтиб ўтилган эди.


Ўрганишимиз давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Хуршид Зиятов қурилишда белгиланган меъёрларга амал қилинмагани ушбу муаммога сабаб бўлганини таъкидлаб, манзилли дастур асосида қувурни кўчириш ишларини амалга ошириш лозимлигини айтганди.

Аммо 2019 йил учун манзилли дастурлар тасдиқлаб бўлингани боис муаммонинг ечими учун бошқа зарур чораларни кўриш талаб этиларди.
Қашқадарё вилояти «Сувоқова» ДУК бош муҳандиси Баҳром Мирзаев ва Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Улуғбек Авазов дастлабки ўрганиш вақтида масаланинг ечими юзасидан барча зарур чораларни кўришини, харажатларни ҳисоблаб чиқиб, белгиланган тартибда қувурни кўчириш ишлари тез кунларда бошланишини билдирган эди.

Аммо хонадон эгаларининг такрорий мурожаатлари асосида мавзуга қайтиб, ҳолатни ўрганиш учун ижодий гуруҳимиз билан ушбу хонадонда бўлдик. Муаммо ҳанузгача бартараф этилмаган. Хонадон эгаси А.Хўжаев биз билан суҳбатда оиласи, ногирон фарзанди ва неваралари билан зах тортган хоналарда оғир шароитда яшаётганини айтиб ўтди. Ўрганишимиз давомида бу ҳолатга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.



















