«Мактабларда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар қайси?» саволи билан ўтказилган сўровномада ўзини педагог сифатида таништирган респондентларнинг бири «53 фоиз синфларда ўқувчилар сонининг ҳаддан ташқари кўп»лигини сабаб қилиб кўрсатди.

Умумтаълим мактабларида ҳар бир синфда 30-35 нафардан ўқувчи таҳсил олаётганини кузатиш мумкин, марказий туман ва шаҳарларда, айниқса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 45-50 нафар ўқувчига етиб боради.

Меъёр қанча бўлиши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ортмаслиги белгиланган. 

Ҳужжатга кўра, намунавий лойиҳа бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда ҳамда ўқувчилар сони етарли бўлмаган, олис тоғли ҳудудларда жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактабларда ўқувчилар сони синфлардаги мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб белгиланади.

Ўқувчиларнинг ўзлаштириши бирмунча қийин бўлган фанлар ─ чет тили, информатика, қиз болалар ва ўғил болалар учун ўқув дастурлари икки хил бўлганлиги учун меҳнат, жисмоний тарбия фанлари 2 гуруҳга бўлиб ўқитилади. Малакали ўқитувчилар етарли бўлганда ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг I-XI синфларида «Чет тили» фани,V-XI синфларда «Информатика» ва «Меҳнат таълими» (Технология) икки гуруҳга бўлиб ўқитиш белгиланган.

45 дақиқада 45 нафар ўқувчини қамраб олиш мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 140-сон қарори билан тасдиқланган ​«Умумий ўрта таълим тўғрисида​»​ги низом ҳамда белгиланган санитар меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ дарс машғулотининг давомийлиги 45 дақиқа этиб белгиланган.

Соҳа мутахассислари томонидан дарс машғулоти учун ажратилган 45 дақиқа вақт қуйидагича тақсимланиши тавсия этилган:

1. Ташкилий қисм (3 минут)

2. Ўтилган мавзуни такрорлаш (7 минут)

3. Янги мавзуни тушунтириш (15 минут)

4. Янги мавзуни мустаҳкамлаш (10 минут)

5. Ўқувчиларни баҳолаш (7 минут)

6. Уйга вазифа бериш (3 минут)