Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий «Сўғдиёна» футбол клубининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн. сўм миқдорида маблағ йиғилгани аниқланганди.
Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашуви билан ўқитувчилар томонидан «Сўғдиёна» клубига «хайрия» қилинган маблағлар қайтарилаётгани маълум қилинди.
«Ўрага сичқон тушди — гулдур-гуп», дейишади. Кимларнингдир бефарқлиги, лоқайдлиги оқибатида бу пулларнинг бир қисми ортга қайтмаган, вилоятнинг Янгиобод туманидаги ўқитувчилар ўз пулларини қайтариб ололмаган, бу пуллар қайсидир «ўра»га сингиб кетган.
Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган янгиободлик бир гуруҳ ўқитувчилар 5 ой вақт ўтган бўлса-да, «Сўғдиёна» клубига ўтказилган пуллар ҳалиям қайтарилмаганини ва бу ҳақда улар бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишгани бефойда бўлганини айтишди.
Аслида нима бўлган эди?
2018 йилнинг 2 ноябрида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши қабул қилинган эди. Унга кўра, 3–4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, ҳашар доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари «Сўғдиёна» клуби ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгиланганди.
Ушбу фармойишга кўра, Жиззах вилоят бошқармаси тасарруфидаги 10та туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаб ишчи-ходимларидан жами 272 156 729 сўм миқдоридаги маблағ ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига зид равишда қабул қилинган ушбу фармойиш орадан кўп ўтмай, ҳокимнинг 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиши билан бекор қилинди.
Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлиги «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилгани, барча ўқитувчиларга ойлик маошидан ушлаб қолинган бир кунлик иш ҳақлари қайтарилаётгани ҳақида маълум қилди.
«Ўқитувчининг ойлик маоши оширилди, уларга бир қанча имтиёзлар яратиляпти... Бу каби гаплар бугун кўпчиликнинг тилидан тушмайдиган мавзуга айланди. Биласизми, ўқитувчининг ҳам елкасига офтоб тегадиган кунлар келганидан хурсандмиз. Лекин йиға-йиғлар ва ўқитувчига «пастроқ» назар билан қараш айрим раҳбарларда сақланиб қолган, десам адашмайман. Ҳозир салгина ҳаққингни талаб қилсанг, дарров юзингга тап тортмасдан «бундан икки йил олдин ғинг демай айтган ишни қилардинг-ку?», дейишади.




















