Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида ота-оналарга мурожаат билан чиқди.
Вазир Президент мактабларида қабул ва таълим жараёни Буюк Британиянинг Кембридж университети билан ҳамкорликда олиб борилишини инобатга олиб, инглиз тили ўрганишнинг муҳимлиги ҳақида эслатиб ўтган.
“Албатта, ҳали имтиҳонларнинг қандай ўтиши ҳақида маълумотлар мутахассислар томонидан ишлаб чиқилгандан кейин батафсил эълон қилинади. Инглиз тилини ўрганишни эса ҳозирдан бошлаш керак. Мактабда асосий фанлар хорижий педагоглар томонидан инглиз тилида олиб борилгани учун ҳам ўқиш жараёнида инглиз тилини билиш жуда зарур”, - дейди у.
Таъкидланишича, Президент мактабларига ўқувчилар биринчи йилда 5-10-синфларга қабул қилинишини инобатга олинса, айнан шу ўқув йилида ушбу мактабларга киришга имконият кўпроқ бўлади. Кейинги йиллардан эса қабул фақат 5-синфдан.
“Энг асосийси, Президентимиз ушбу мактабларга қабул имтиҳонлари адолатли ўтишини таъминлаш вазифасини белгилаб берганлар. Шу сабабли ҳам ушбу мактабларга қабул имтиҳонлари шаффоф ва адолатли ўтишини бу соҳада дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири Cambridge Assessment томонидан таъминланиши келишилди.
Намангандаги мажлисда ҳам Президентимиз ушбу масалага яна алоҳида тўхталиб, бу мактабларда айнан энг қобилиятли ўқувчилар ўқиши зарурлиги, уларнинг ота-онаси ёки оилавий шароитига боғланмаган ҳолда қабул имтиҳонларини адолатли ташкил этилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар”, - деб ёзади Шерматов.
Билдирилишича, бу мактаблар қобилиятли болалар учун ўзига хос ижтимоий лифт вазифасини ўтайди, чунки бу каби шароитда ўқиган оддий оиланинг фарзандига келажакда катта имконият эшиклари очилади.
Шунингдек, бу мактабларга кира олмаган тақдирда ҳам боланинг инглиз тилини билиши унинг келажакда муваффақиятга эришишига жиддий туртки бўлади.
“Дунёдаги 60 га яқин давлатларда инглиз тили давлат тили ҳисобланади ҳамда энг кўп ўрганиладиган хорижий тил ҳам инглиз тилидир.
Келгусида фарзандингиз чет эллик билан сўзлашганда инглиз тилини билиши жуда қўл келади. У чет элга чиқмаган тақдирда ҳам мамлакатимизда ҳозирги кунда энг юқори ойлик берилаётган соҳаларда инглиз тилини билиш жуда муҳим эканини давр тақозо этяпти. Қўшимча кучли АКТ бўйича билим талаб қилинадиган соҳалардан ташқари, масалан, мамлакатимизда туризм ривожланиши натижасида бу соҳадаги корхоналар яхши мутахассисга ўртача минг доллардан ортиқ ойлик беришга тайёрлигини билдириб вакансияларни эълон қилиб бормоқда.


















