Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 27-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» «ЯНГИ БАЛОТЕЛЛИ» ГОЛЛАРИ ЭВАЗИГА ЙИРИК ҲИСОБДА ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Ювентус» ўз майдонида «Удинезе»ни қабул қилди. Массимилиано Аллегри Чемпионлар Лигасидаги «Атлетико»га қарши муҳим ўйиндан олдин, жамоа етакчиларига дам беришга қарор қилди. Аммо мезбонлар захира футболчилари билан ҳам 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритишди.

19 ёшли ҳужумчи Мойзе Кин ўйиннинг қаҳрамонига айланди. «Янги Балотелли» лақабини олган иқтидор танаффусгача у икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. 11-дақиқада Сандро тўпни жарима майдонига етказганида, Кин бир уринишда уни дарвозага киритди. 39-дақиқада жарима майдонига ёриб кириб, кучли зарба билан тўпни дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимда эса пенальти ишлаб олди. Жан уни аниқ амалга ошириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Орадан бироз ўтгач, Матюиди ўзига хос бўлмаган услубда боши билан гол урди. Шундан сўнг, мезбонлар хотиржамликка берилишди. «Удинезе» эса ўйин охирида бир гол уриб қолишга муваффақ бўлди. 

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 75 очко билан 1-ўринда, «Удинезе» эса 25 очко билан 15-ўринда бормоқда.

Ювентус – Удинезе 4:1 (2:0, 2:1)
8 март, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 11 Кин, 2:0 – 39 Кин, 3:0 – 67, пенальти Жан, 4:0 – 71 Матюиди, 4:1 – 84 Лазанья.
Ювентус – Шченсни, Касерес, Бардзальи (Бонуччи, 25), Ругани, Спинаццола, Жан, Бентанкур, Алекс Сандро, Бернардески, Матюиди (Дибала, 72), Кин (Николусси-Кавилья, 80).
Удинезе – Муссо, Де Майо, Трост-Эконг, Нюйтинк (Опоку, 25), тер Авест (Сандро, 62), Ларсен, Уилмот (Лазанья, 46), Фофана, Зегелар, Пуссетто, де Пауль.
Огоҳлантиришлар: Ларсен (27), Пуссетто (50), Опоку (53).

ТАҚДИРГА ТАН БЕРГАН «НАПОЛИ» САФАРДА ДУРАНГ ЎЙНАДИ

«Наполи» сафарда «Сассуоло» билан ўйнади. Неаполликлар чемпионлик учун кураш аллақачон тугаб бўлганини тушуниб етишди шекилли, меҳмонга захира таркиби билан етиб боришди. Анчелотти бир қанча етакчилар – Руй, Хюсай, Кальехон, Зелиньски, Руис ва Миликни захира ўриндиғида қолдирди.