Ўзбекистон | 17:45 / 14.03.2019
4433
3 дақиқада ўқилади

Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

Низомга кўра, аудиторлик фаолияти фақат аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади, “Аудиторлик фаолияти тўгрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган профессионал хизматлар кўрсатиш бундан мустасно.

Низомда кўрсатилишича, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш, беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки тиклаш, шунингдек, уни бекор қилиш туғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш, беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки тиклаш, шунингдек, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилотига ёзма ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида етказилади.

Белгиланишича, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия олиш учун ариза тақдим этмаган тижорат ташкилоти ўз номида “аудиторлик ташкилоти” сўзларидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Лицензия унинг амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.  

Лицензияни бериш қуйидаги сабабларга кўра рад этилиши мумкин:

аудиторлик ташкилоти томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда;

ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

аудиторлик ташкилоти лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлмаганда.

Бошқа сабабларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид