Тошкент шаҳар Миробод тумани «Лолазор» маҳалласи (халқ тилида «Полкушка»)даги турар жойларнинг бузилиши шу ҳудуд аҳолисининг кескин норозилигига туртки бўлган эди. Бунга мазкур уйларнинг тарихий аҳамиятга эга эканлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова бу масалада Маданият вазирлиги бохабар этилмаганлиги, илмий-методик кенгашнинг хулосаси сўралмаганлигини маълум қилди. Вазир ўринбосари Kun.uz'га берган интервьюсида шу ҳақда гапириб ўтган.

─ Мазкур тарихий биноларнинг бузилиши масаласида бизнинг илмий-методик кенгашимиз ҳеч қандай хулоса бермаган, чунки бу борада маҳаллий ҳокимият мурожаат қилмаган.
Собиқ иттифоқ даврида қад ростлаган бу бинолар, албатта, тарихий аҳамиятга эга. Фақат уларнинг ҳар бирини батафсил ўрганиб, мутахассислар баҳо бериши керак эди.
Вазир ўринбосари шаҳарлар бош режасининг мавжуд эмаслигини энг катта муаммолардан бири сифатида қайд этиб ўтди.
«Бош режа бўлганда унда шаҳарнинг қайси қисмини бузиш мумкин-у қайси қисмига тегиб бўлмайди ─ яққол кўринган бўларди. Қурилиш ишларида бош режани тузиш масаласига энди эътибор қаратиляпти», — дейди у.
Шаҳар ҳокимлиги Тошкентнинг янги бош лойиҳаси концепцияси жорий йилнинг апрел ойи якунларига қадар ишлаб чиқилишини айтганди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов бу масалада амалий иш бошланганини тасдиқлаган.
Маданият вазири ўринбосарининг айтишича, уйларни бузиш масаласида, албатта, одамлар билан мулоқотда бўлиш керак. Уларни норози қилиш керак эмас.
«Кўчирганда ҳам яхши шароит мавжуд бўлган жойга кўчириш керак. ЮНЕСКОнинг ҳам талаблари шу. Бунда асосий иш маҳаллий ҳокимиятларга боғлиқ бўлади», — дея таъкидлади Камола Болтабоевна.
«Полкушка»нинг бузилиши бўйича аҳоли норозилиги матбуотда тез-тез кўтарилган эди. Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов бузилаётган уйлар ҳеч қандай тарихий аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлаб ўтган













