Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Маъмурий биносидан фойдаланиш бошқармаси ходимларининг чекланган умумий сони 70 бирликдан этиб белгиланган ва бюджет ташкилотига тенглаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирига Бошқарманинг штатлар жадвалига белгиланган штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Бошқарма фаолиятини молиялаштириш ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасида республика бюджети маблағлари ҳамда вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Вазирлик билан биргаликда 2019 йил 1 апрелдан бошлаб Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ҳузурида “макроиқтисодиёт”, “минтақавий иқтисодиёт” ва “саноат иқтисодиёти” ихтисосликлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгашни ўрнатилган тартибда ташкил қилади.

Вазирлик:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда Институт ҳузурида хўжалик фаолияти ҳисобидан молиялаштириладиган давлат унитар корхонаси тузишни ва Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритишни кўзда тутган ҳолда, “Иқтисодиёт: таҳлиллар ва прогнозлар” журналини ташкил этади;

Институт билан биргаликда ўрнатилган тартибда “Иқтисодиёт: таҳлиллар ва прогнозлар” журнали нашриёти” давлат унитар корхонасини давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда ходимларининг штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган мақсадли илмий-техник дастурларни шакллантиришда вазирликнинг буюртмаси асосида Институт томонидан амалга ошириладиган амалий-илмий лойиҳаларни ҳисобга олади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067 сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг 17-иловасида келтирилган 2019 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган ҳамда тасдиқланадиган, қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилаётган объектлар рўйхатига Институт биносининг техник майдонларини реконструкция қилиш ва муҳандислик-коммуникация тизимларини модернизация қилиш ишлари киритилган.