Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни жадаллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати. 

Кейинги йилларда бутун дунёда хорижий инвестициялар жалб этиш тобора мураккаб кечмоқда. Масалан, 2018 йилда жаҳонда инвестиция оқими 19 фоизга камайган. Шу боис, жалб этилган хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш, бу борада жадал ва тизимли иш олиб бориш зарур. Манбада қайд этилишича, бу йил жами 4,2 миллиард доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. 

Президент иштирокидаги йиғилишда ўтган икки ойда бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбари хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати умуман суст кетаётганини таъкидлаб, мутасаддиларни жиддий огоҳлантирди. Айрим тармоқ ва ҳудудларда чет эллик инвесторларга тақдим этиш учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар бўйича таклифлар йўқлиги танқид қилинди. 

Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик ва ҳокимликлар олдига аниқ ва қатъий вазифалар қўйди. Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электр техникаси, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш бўйича инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш топширилди. 

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари инвестиция лойиҳаларини шакллантириш бўйича зарур майдонга айланмагани қайд этилар экан, тўғридан-тўғри инвестиция жалб этиш бўйича ҳар бир комиссиянинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Бутун дунёда давлат-хусусий шериклик тизими инвестиция жалб қилишнинг муҳим омилларидан бири эканлигини  инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги тузилган эди. Йиғилишда мазкур агентлик фаолиятини ташкил этишга ҳам эътибор қаратилиб, мутасаддиларга транспорт, энергетика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида давлат-хусусий шериклик асосида чет эл капитали иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.

Янги тузилган Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича чет эл сармояларини жалб этиш учун хорижий давлатларда тақдимотлар – роуд-шоулар ўтказиш зарурлиги айтилди.