Ўзбекистонда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини яратиш ва уни ислоҳ қилиб бориш босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, 2003 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги инспекциялар томонидан «ягона дарча» тамойили бўйича рўйхатдан ўтказила бошланди. 2016 йил 1 январдан бошлаб ушбу инспекциялар негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди.

2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди.

2018 йил 1 январдан улар Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) айлантирилди.

Албатта, ушбу марказлар аҳолига бир қатор қулайликлар яратди. Биринчи навбатда жисмоний ва юридик шахсларнинг идоралараро сарсон бўлиши ва ортиқча вақт сарфлашларига чек қўйилди. Эндиликда фуқаролар эмас, балки ҳужжатлар ҳаракатланиши асосий мезон сифатида белгиланди.

Бугунги кунда давлат хизматлари марказлари орқали турли маълумотномалар ва бошқа зарур ҳужжатларни олиш мумкин. Кўрсатилаётган давлат хизматлари сони босқичма-босқич амалга оширилиб борилмоқда. Аммо давлат хизматлари марказлари бу жараёнга қай даражада тайёр?

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Kun.uz сайти мухбирлари вилоятларда бўлиб, давлат хизматлари марказлари фаолиятини ўрганиб, уларда хизмат кўрсатиш сифати, яратилган шароитлар ҳақида мақолалар бериб борилмоқда.

Бу борадаги навбатдаги ўрганиш Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларидаги давлат хизматлари марказларида олиб борилди. Тан олиб айтиш керакки, ўрганишлар давомида ҳам ижобий, ҳам салбий ҳолатларга гувоҳ бўлдик.

БУХОРО ШАҲРИ ДХМ

Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази жойлашган янги, замонавий бинода мурожаатчилар учун барча шароитлар яратилган. Ушбу бинода давлат хизматлари маркази кўрсатадиган хизматлардан ташқари яна 30дан ортиқ хизматларни кўрсатадиган тегишли идора ва ташкилотлар пунктлари ташкил этилган. Мурожаатчилар марказдан ташқари турли идора ва ташкилотлар билан боғлиқ ишларини шу бинода ҳал этиши мумкин. Икки қаватли замонавий бинода кутиш зали, тиббиёт хонаси, болалар хонаси, электрон кутубхона ва бошқа барча зарур қулайликлар мавжуд.