Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг ахлоқ қўмитаси «Навбаҳор» клубининг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновни 50 миллион сўм жаримага тортди ва футболдаги фаолиятдан 5 йилга четлатди.
ЎФА сайти хабарига кўра, 40 ёшли мутахассис 2017 йилда «келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида «Навбаҳор»нинг бир қанча футболчиларини ўйинни сотишга ундаган».
Tribuna.uz манбаси маълумотига қараганда, Мўминжонов барча айбловларни инкор қилган ва ўзига қарши кўрсатма берганларни туҳматда айблаган.
ЎФА сайти хабарида Мўминжонов қайси футболчиларни ўйинни сотишга ундагани ҳақида маълумот йўқ. Аммо, «Сурхон» клубининг техник директори Шерзод Шарипов ахлоқ қўмитасига суриштирув жараёнида ёлғон кўрсатма бергани ва қўмитани қарор чиқаришда чалкаштиргани, шунингдек, «Сурхон» клуби сардори Дилшод Жабборов «Навбаҳор»нинг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновга келишилган ўйинларни ташкил қилишда ёрдам бергани ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай, узрли сабабсиз қўмита йиғилишига келмагани ҳақида хабар бор. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам 2019 йил охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилган.
Қайд этиш жоизки, Мўминжонов билан деярли бир хил «қоидабузарлик» содир этган ва устига-устак, қўмитага кўрсатма беришдан бош тортган Дилшод Жабборовнинг жазоси нега енгил бўлганига ҳам изоҳ берилмаган.
Жазоланганларнинг икки нафари «Сурхон» номи билан боғлиқ бўлса-да, Термиз шаҳри клубининг бу ишларга алоқаси йўқ. Гап шундаки, 2019 йил мавсуми бошланишидан олдин, Илҳом Мўминжонов «Сурхон» клуби бош мураббийи қилиб тайинланган эди. Шундан сўнг, у билан «Навбаҳор» клубида ишлаган ходим ва футболчилар Термиз клубига ўтган. Уларнинг орасида Шерзод Шарипов ва Дилшод Жабборов ҳам бор.
2019 йил февраль ойида ЎФА Мўминжоновни «Азиз Турғунбоев иши» бўйича футболдаги фаолиятдан бир йилга четлатган эди. Шундан сўнг, у «Сурхон» клуби бош мураббийлигидан кетди.
Агар адашмасам, «Мўминжонов иши» - ўзбек футболидаги келишилган ўйинлар билан боғлиқ биринчи ишдир ва у айнан шундай қоидабузарлик учун жазоланган илк мураббийдир. Шу пайтгача, ЎФА қошида неча йиллар давомида келишилган ўйинларга қарши кураш қўмиталари, комиссиялари ишлаган бўлса-да, уларнинг бирортаси бундай қарор чиқармаган. Демак, ЎФАнинг бу қарорини фақат олқишлаш мумкин.
















