2019 йилнинг 1 апрель куни Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилади, деб хабар бермоқда ТИВ.
Шу аснода дунёнинг энг нуфузли ва узоқ тарихга эга халқаро ташкилотларидан бири Ўзбекистонда мазкур соҳада ишчилар ҳуқуқларининг ҳолати ҳар жиҳатдан сезиларли яхшиланганини тасдиқлади. Бу эса республика раҳбариятининг мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлиги, ўзининг барча халқаро мажбуриятлари ва «Давлат халқ манфаатларига хизмат қилиши керак» деган тамойилга асосланувчи миллий дастурларини бажариш ишига қатъий содиқлигининг тан олинишидир, дейилади хабарда.
ХМТнинг фикри интервью асосида шакллантирилган. Кенг кўламли мониторинг мамлакатда пахта терими чоғида асосий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли ислоҳотлар ўтказилаётганидан гувоҳлик беради. Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра 2018 йилда йиғим-терим компанияси иштирокчиларининг 93%дан ортиғи ҳеч қандай шаклда мажбурий меҳнатга жалб қилинмади, шунингдек, студентлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларнинг тизимли жалб қилиниши кузатилмади.
Ҳосилни йиғиб олиш мавсумида болалар меҳнати илгари жиддий муаммога айланганлиги, ҳозир эса ушбу камчиликнинг бартараф этилганлиги тўғрисидаги хулосалар алоҳида эътиборга молик.
ХМТ директори ўринбосари Ҳайнс Келлернинг 2018-йилда пахта ҳосилини йиғиб олиш Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнининг ва болалар ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг муҳим босқичи бўлганлиги тўғрисидаги баёноти муҳим аҳамиятга эга.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги меҳнат шароитининг сезиларли яхшиланганлиги, жумладан пахта теримчиларига тўланадиган ҳақнинг кўпайганлиги, сўз ва фикр эркинлигининг кучайганлиги, матбуот эркинлигини таъминлашга оид ҳолатнинг яхшиланганлиги факти ҳамда Ўзбекистоннинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва фуқаролик фаоллари билан очиқ ҳамкорлик қилаётганлиги эътироф этилади.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида ХМТ кузатувчилари ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан пахта теримчилари ва пахта теримида тўғридан-тўғри ёки билвосита иштирок этувчи бошқа гуруҳлар билан суҳбатлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, телефон орқали 3000 дан ортиқ тасодифий танлаб олинган кишилар билан комплекс текширувлар ўтказилди. Ҳосилни йиғиб олишдан олдин ХМТ экспертлари пахта терими учун ишчиларни ёллаш билан бевосита шуғулланувчи тахминан 7 минг киши учун адолатли ёллаш тамойили асосида тайёргарлик курсларини ташкил этди.















