Республика қишлоқ хўжалиги соҳасида янги имкониятлар эшикларини очиш мақсадида шу йилнинг 9 январида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор асосида маҳаллий ҳокимликларда тузилган комиссиялар хулосалари ва очиқ танловлар асосида фермер хўжаликлари ер майдонлари мақбуллаштирилди.
Аммо тан олиб айтиш керакки, бу жараёнда айрим маҳаллий ҳокимлик ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ўртасида турли тушунмовчилик ва низолар юзага келаётганлиги ҳам бор гап. Ер майдони бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилган фермерлар асосан комиссия хулосалари ва танлов нохолис ўтказилганлиги, шаффофлик таъминланмаганлиги, таниш-билишчилик ва ноҳақликлардан шикоят қилишди.
Kun.uz таҳририятига ҳам шу мазмундаги кўплаб мурожаатлар келди. Шундай мурожаатларнинг навбатдагиси Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманидан таҳририятга йўлланган.
Тумандаги «Камолот нурлар пахтаси», «Мингтут даласи» ва «Азиз Дилшод мева даласи» фермер хўжаликлари раҳбарларидан келган мазкур мурожаатда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари томонидан ўзларига нисбатан ноҳақликлар қилинганлиги иддао қилинган.
Ушбу мурожаатларни ўрганиш мақсадида Паст Дарғом туманида бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашдик.

«Мен 2016 йил «Камолот нурлари пахтаси» фермер хўжалигини ташкил қилганман. Ҳар йили пахта, ғалла, пилла давлат режаларини ошиғи билан бажарганмиз. Мақбуллаштириш жараёнида еримиз бошқа фермер хўжалигига берилди. Ноҳақлик қилинди. Қизиғи, бу ҳақдаги туман ҳокими қарорида «ихтиёрий воз кечиб», «аризаларига асосан», деб кўрсатилган. Лекин биз ерни топшириш учун ҳеч қандай ариза ёзмаганмиз», – дейди «Камолот нурлари пахтаси» фермер хўжалиги раҳбари Бердиқул Қаршиев.
Туман ҳокими Шунқор Худойбердиев имзолаган қарор билан танишдик. 2019 йил 23 январда қабул қилинган 229-Қ-сонли қарорда ҳақиқатан ҳам бир нечта фермер хўжаликлари қатори «Камолот нурлари пахтаси» фермер хўжалиги ер майдони ҳам «ер майдонидан ихтиёрий воз кечганлиги», «ўз аризаларига асосан» бирлаштирилганлиги кўрсатилган.






















