Тошкент вилояти ҳудудидаги «Ангрен» иқтисодий зонаси «Инчхон» эркин иқтисодий зонаси бошқарувига берилади. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти Мун Жэ Иннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес-форум вақтида келишувга эришилган.

Бизнес форумда икки томонлама манфаатли келишувларга эришилган.

«Ангрен» иқтисодий зонасини «Инчхон» эркин иқтисодий зонаси бошқарувига бериш, «Бўстонлиқ-фарм» ҳудудида энг зарур дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар алоҳида эътиборлидир», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Жанубий Корея ишбилармонларини мамлакатимиз иқтисодиётидаги янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирган.

Бундан аввалроқ, Epsilon Development Company (АҚШ) Австриянинг Oberhofer Projektmanagement  компанияси билан шерикликда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида металл конструкциялар ишлаб чиқарадиган янги завод қуришга 100 миллион евро инвестия киритиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Россиядаги хусусий компания - «ПрогрессГорТех» МЧЖ шўъба хўжалик жамияти ишончли бошқарувчи «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзбеккўмир» АЖ устав капиталидаги 45 фоиз акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилиши маълум бўлганди.

Февраль ойида эса президент «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи»ни инвесторларнинг ишончли бошқарувига бериш бўйича топшириқ берган эди. Апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

«Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» қандай шартларда сотилмоқда?