«Порошенко - «қўй терисини ёпинган бўри», «Зеленский - Голобородько эмас». «Олимпийский»даги дебатдан асосий тезислар
19 апрель куни кечқурун Киевдаги «Олимпийский» стадионида Украина президентлиги учун сайловнинг иккинчи турига чиққан амалдаги президент Петро Порошенко ва биринчи турда ғолиб бўлган шоумен Владимир Зеленский ўртасида дебат ўтказилди.
Стадион дебат арафасида иккига ажратилди - бир томонда Зеленский учун, иккинчи томонда эса Порошенко учун саҳна ўрнатилди. Ҳар бир саҳна олдида «фан-зона»лар ташкил қилинди.
Аммо дебат бошланиши арафасида Порошенко ўз тарафдорлари билан Зеленский турган саҳнага йўл олди. Номзодлар сайловолди кампанияси бошланганидан буён илк марта бир саҳнада туришди ва бир-бирларига қўл беришди.
Зеленский ўз чиқишида президент олигархлардан бўлмаслиги кераклиги, оддий халқ вакили президент этиб сайланиши кераклиги ҳақида гапириб, «ҳозирги тизим меъёрдаги ва XXI аср менталитетига эга бўлган нормал инсонлар билан биргаликда яксон қилинишига» ишонч билдирди.
У ўз тарафдорлари томонидан тайёрланган саволлар рўйхатини тақдим этиб, Порошенкодан истаган саволига жавоб қайтаришни сўради. Порошенко эса Зеленский сиёсатда етарли билимга эга эмаслиги ва президентликка нолойиқлиги, шунингдек, унинг ортида олигарх Игорь Коломойский ва унинг «тўдаси» тургани ҳақида айтиб ўтди.
Дебат давомида Зеленскийга у Владимир Путин қаршисида тиз чўкишга тайёрлиги ҳақида гапирганини эслатишди. У эса бу гап контекстдан юлиб олинганини таъкидлади.
«Мен ҳозир фронтдан ўғли қайтмаган ҳар бир она қаршисида тиз чўкишга тайёрман, мен ҳозир ўз отасига етиша олмаган ҳар бир бола қаршисида тиз чўкишга тайёрман, мен ҳозир ҳар бир бева аёл қаршисида тиз чўкишга тайёрман ва сизларни ҳам шунга таклиф этаман», деган Зеленский ва саҳнада тиз чўккан.
Порошенко ҳам унинг ортидан буни қайтарган, бироқ буни томошабинларга орқасини ўгирган ва уни саҳнада қўллаб-қувватлаётган Донбассдаги жангчиларга юзланиб бажарган. У бу ҳолатида Донбассдаги жангларда ҳалок бўлган жангчининг беваси қўлидан тутган.
Дебат якунида Порошенко мадҳия куйлай бошлайди, Зеленский эса кулимсирайди ва рафиқасини ўпиб ғалаба рамзи сифатида икки бармоғини (V - Victory) кўрсатади. Кейин у ҳам қўлини кўксига қўйиб, мадҳияни куйлай бошлайди. Бутун стадион уларга жўр бўлади.
Қуйида иккинчи турдаги номзодларнинг асосий тезислари келтирилади.
Зеленскийдан тезислар
- 2014 йилда у Порошенкога овоз берган ва бугун у буни катта хатоси сифатида эсламоқда: «Биз сиз билан биргаликда бошқа Порошенко учун овоз бериб, бошқа Порошенкони сайлагандик. Биттаси бақирарди: «Путин, сенга кўрсатиб қўяман». Иккинчиси эса жаноб Медведчук орқали Москвага салом йўлларди. Биринчиси доллар 10 гривна бўлишини айтарди, иккинчиси эса уни 30 гривнадан қиларди».
- Мен сиёсатчи эмасман, бу тизимни синдириш учун келган оддий одамман.
- Мен Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида кўп марта бўлганман ва Порошенко айтганидек ҳарбий чақирувдан қочмаганман.
- Мен ҳеч қачон Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан гаплашмаганман.
- Уруш бошланганидан кейин Россияга бормаганман.
- Мен Украинани қаергадир олиб борадиган Моисей эмасман. Украина Европага боради. Агар одамлар шунга қарор қилса, мен бу танловни ҳимоя қиламан.
- Мен фақат бир муддат учун қоламан ва муштларимни тугиб, Порошенконинг атрофидагилар сиёсат майдонида қолмаслиги учун барча ишни қиламан.
- Украина халқи қаршисида тиз чўкишга тайёрман (тиз чўкади).
- «1+1» телеканали билан шартномам бор ва бундан бошқа бизнес йўқ.
- Порошенко - «қўй терисини ёпинган бўри». Нима учун сизнинг конфетларингиз Москвада сотилмоқда? Нима учун ёнингиздаги барча одамларнинг қўли иккита?
- Порошенко кўплаб ютуқларга эришди - ЕИ билан визасиз режим, автокефалия, украин тили, армия. Аммо у булардан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда.
Порошенкодан тезислар
- Мен мамлакатни қашшоқ ҳолатида қабул қилиб олганман. 2014 йилда бу мамлакатни пулсиз, қуролсиз ҳолатда қабул қилганимни билганингизда бошқача савол берган бўлардингиз.
- Зеленский билимсиз. У журналистлардан, мухолифатдан ва украин халқидан яширинади. Унинг штаби аъзолари ва маслаҳатчилари эмас, унинг ўзи нима қила олади. Биз буни била олмаймиз.
- Зеленскийнинг ортида Игорь Коломойский яширинган. Сиз «қопдаги мушук» эмассиз, сиз ичида улкан қора мушук бўлган қопсиз.
- Мен жаноб Владимир Украинани Россия империясига қайтаришни орзу қилади, деб ўйламайман. Аммо Путинда шундай орзу бор. Агар у бунга қарши қандай туришни билмаса, биз Украина келажаги учун барча рискларни йўлдан йўқотишимиз керак.
- Атрофимдагиларнинг ҳеч бири коррупцияга алоқадор эмас. Заррача шубҳа пайдо бўлиши биланоқ, ундай одам менинг дўстим бўлишни тўхтатади ва қамоққа равона бўлади.
- Зеленский - Голобородько («Слуга народа» сериалида Зеленский ижро этган қаҳрамон) эмас. Сиз бу ерга троллейбусда ёки велосипедда келмадингиз.
- Жаноб Владимир айтаётган гапларнинг мутлақо барчаси - уйдирма ва асоссиз гаплар.
- Мен ўз президентлигимдан уялмайман.
15 йил ичидаги илк дебат
Украина президентлигига номзодлар ўртасидаги охирги дебатлар 2004 йилда ўтказилганди. Ўшанда Виктор Янукович ва Виктор Юшченко ўзаро баҳслашишган.
Зеленский ва Порошенко ўртасидаги дебат Украина қонунчилигида белгиланганидек Жамоатчилик телевидениеси орқали трансляция қилинди.
Стадионда дебат ўтказиш ташаббусини Зеленский илгари сурганди. У видеомурожаатида Порошенкони 14 апрель куни Киевдаги «Олимпийский» стадионига келишга чақирган ва ўйлаб кўриш учун 24 соат вақт берганди.
Порошенко стадионга боришга рози бўлган, томонлар 14 апрель куни «Олимпийский»да учрашиши, 19 апрель куни эса телестудияда дебат ўтказилишини сўраганди.
Аммо 14 апрель куни Зеленский стадионга келмади, Порошенко мухолифини шартига кўнишга мажбур бўлди.
«Олимпийский» - Украинадаги энг йирик стадион бўлиб, сиғими - 70 минг киши. Украина ИИВ маълумотига кўра, дебатни кузатиш учун стадионга 22 минг киши ташриф буюрган.
Украинада президент сайловининг иккинчи тури 21 апрель куни ўтказилади. 31 март куни ўтказилган биринчи турда Зеленский 30,24 фоиз овоз олган, Порошенкони сайловчиларнинг 15,95 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024