Ўзбекистон | 11:47 / 21.04.2019
27873
2 дақиқада ўқилади

Жамбулдаги автоҳалокатда жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди

20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Қордай тумани ҳудудида «Чимкент-Олмаота» трассасининг 181-километрида автобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган 9 нафар ўзбекистонлик Ўзбекистонга етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилига асосланган ҳолда «РИА Новости» хабар қилган.         

Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, автоҳалокатда 11 киши, жумладан 3 нафар ўзбекистонлик ва 8 нафар қозоғистонлик ҳалок бўлган, 39 киши жароҳат олган.  

«Турли даражадаги тан жароҳатлари олган 9 нафар ўзбекистонлик реанимобилларда Қозоғистондан Бишкекка олиб чиқилган, у ердан эса бугун эрталаб фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус борти билан Тошкентга етказилган», дея хабар қилган манба. Унинг таъкидлашича, 2 нафар ўзбекистонлик шифокорлар кўригидан кейин яқинлари ҳамроҳлигида Олмаотага йўл олган, яна бир жабрланувчи маҳаллий шифохонада қолмоқда.

Ўзбекистон ТИВ маълумотларига кўра, ҳалок бўлган 3 нафар ўзбекистонликнинг жасади Қордайдаги ўликхонада қолмоқда. «Амалдаги тартибларга кўра, шахсни аниқлаш жараёни ўтказилгандан сўнг Қозоғистон томони ҳалок бўлганлар жасадларини Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига етказишни таъминлайди», дейилган хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев автоҳалокатда жабрланганларга ва жасадларни ватанга қайтаришда ёрдам кўрсатиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш топшириғини берган.

Мавзуга оид