18:59 / 06.05.2019
32339

«Тошшаҳартрансхизмат» «Чинни бозор»даги ЙТҲдан сўнг йиғилиш ўтказди. Ўндан зиёд ҳайдовчи ишдан бўшатилди

Жорий йил 3 май куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги 18-автобус саройи тасарруфидаги 147-йўналишда қатновчи «Мерседес-Бенц» русумли автобус иштирокида содир бўлган мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати хабар қилмоқда

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган ҳафтада жамоат транспорти, айниқса, автобуслар билан содир бўлган йўл транспорт ҳодисалари ҳали тизимда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўплигини яна бир карра кўрсатган. 

Айниқса, ҳайдовчи ва йўловчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш, хизмат сифатини янада такомиллаштириш, бу борада ўзини оқламай қолган анъаналардан воз кечиш куннинг муҳим вазифасига айланган.

Шу нуқта-назардан жамият томонидан кўрсатилаётган транспорт хизматига йиғилишда танқидий баҳо берилди. Йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, уларга имкон яратган омиллар, бунинг оқибатидаги йўқотишлар чуқур таҳлил этилди, дейилади хабарда. 

Бундай нохуш ҳолатларга йўл қўйган, белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтган, айниқса, автобуслардаги GPS бошқарув тизимига қасддан зарар етказган ёки уни сунъий равишда ўчирган ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган ўндан зиёд ҳайдовчилар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 

Бу борада ўз вақтида етарлича тушунтириш, йўриқномалар ўтказмаганлиги учун жамият ҳамда автосаройларнинг мутасаддиларига ҳайфсан ва бошқа интизомий жазолар қўлланди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, жамият томонидан қўллаб келинаётган айрим тартиб-тамойилларга ўзгартириш киритиладиган бўлди. Хусусан, шу кунгача йўл транспорт ҳодисасида айбдор деб топилган ҳайдовчилардан етказилган моддий зарар босқичма-босқич ундирилган бўлса, эндиликда келтирилган зарар даражасига қараб уни бир йўла қоплаш чоралари кўрилади. 

Бу жараён суд ва мажбурий ижро бюроси орқали амалга оширилади. Бундан мақсад ҳайдовчиларда ўз вазифасига бўлган масъулиятни ошириш, йўловчилар ҳаёти учун жавобгарлик, жамият мулкини асраб-авайлаш борасидаги мажбуриятни чуқур ҳис этишларини таъминлашдир, дея якунланади хабар.

Top