Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 8-сонли умумий таълим мактабида рўза тутган ўқувчилар мактаб ҳовлисида югуртирилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.

Фарғона вилояти прокуратурасининг Kun.uz’га тақдим этилган маълумотномасига кўра, 608 нафар ўқувчига мўлжалланган мактаб ҳудудида (1928 йилда қурилган мактабда ҳозирда 912 нафар, шундан 523 нафар бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олиб келмоқда) суриштирув ишлари олиб борилган.

«Ўрганиш давомида мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан 8-сонли умумий таълим мактаби директори ва мактабнинг бошқа мансабдор шахслари ҳамда ўқитувчилардан юқоридаги ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинди.

Ҳолат юзасидан тушунтириш берган мактаб директори Феруза Жаббарова ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар нотўғрилигини, жорий йилнинг 6 май куни тушлик вақтида дарслари тугаб уйга қайтаётган бошланғич синф ўқувчиларига ўзларини эҳтиёт қилиб юришлари ва витаминларга бой овқатларни истеъмол қилишлари кераклигини айтгани, бироқ уларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмаганини билдирган.

Шу каби, мактаб ўқитувчилари ҳам ўз тушунтиришларида мактаб ҳудудида бундай салбий ҳолат умуман бўлмаганини баён қилишган.      

Шунингдек, ҳолат юзасидан бошланғич синф ўқувчилари билан педагог психологлар иштирокида суҳбатлашилганда, рўза тутган болаларни ҳеч ким мактаб ҳовлисида югуртирмаганини билдиришган.

Ўрганиш давомида, мактаб директори томонидан жорий йилнинг 6 май куни рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини мактаб ҳовлисида югуртиргани ҳолати ўз тасдиғини топмади», дейилади прокуратура хабарида.

Шунингдек, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан ҳам вазият ўрганилган.

«Хизмат суриштируви давомида шулар маълум бўлдики, мазкур мактабда ўқувчилар рўза тутишлари учун ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган. Ўқитувчилар томонидан аввало ўқувчилар билим эгаллаши муҳимлиги, фанларни ўзлаштириш учун соғлом бўлишлари шартлиги, шунинг учун ҳам вақтида овқатланишга эътибор қаратилиши хусусида тушунтиришлар берилгани аниқланди.

8-умумий ўрта таълим мактабида ҳеч қачон футбол майдони бўлмаган. Майдон яқинда мактаб раҳбарияти томонидан барпо этилган. Унда ўқувчи ёшлар футбол ҳамда жисмоний машқлар билан шуғулланиб келишмоқда. Мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул фитобарлар ташкил этилган.

Мазкур мактабда таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, малакали педагог-ўқитувчилар меҳнат қилиб келмоқда. Маънавий-маърифий ишлар ҳам намунали ташкил этилган бўлиб, мактаб ўқувчилари ўртасида турли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.