Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросини ўрганиш, китобларни чоп этиш бўйича тавсиялар берилди, деб ёзади ЎзА.
Бу бежиз эмас. Шайх ҳазратлари нафақат диний, балки маърифий, тарихий, ахлоқий, ижтимоий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Унинг ҳикматли асарлари, суҳбатлари, телевидение ва матбуотдаги чиқишлари юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари рус тилига ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. “Тафсир Хилал” (Қуръони каримнинг шарҳи), “Хадисы и Жизнь”, “Ийман, Ислам, Куръан”, “Суннитские вероубеждения”, “Разногласия: причины и решения”, “Васатыя – путь жизни”, “Счастливая семья”, “Открытое послание”, “Истина о сути гадания”, “Заем и связанные с ним вопросы” каби китоблар шулар жумласидандир.


Шунингдек, олимнинг асарлари инглиз, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган. Яқинда турк тилига ҳам таржима қилиниб, нашрга тайёрланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари кенг илмий асосга эга бўлиб, қўшни мамлакатлар, Россия ва Европада ҳам ўрганилмоқда.
Аллома жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлиб, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланишига катта ҳисса қўшган. Ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Адабул муфрад”, “Мухтасарул Виқоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, халқимизга динимизнинг асл арконларини етказган.
























