Паст Дарғом туманига Шунқор Худойбердиев ҳоким этиб тайинлангандан сўнг таҳририятимизга ушбу тумандан фермерлар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари кескин кўпайди. Уларнинг барчаси туман раҳбари томонидан таниш-билишчиликка кенг йўл очилгани, бунинг ортидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга беписанд қаралиб, тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳуқуқи топталаётганидан ёзғиришмоқда.
Масалан, Раъно Бердиевани олайлик. У — Паст Дарғом туманидаги «Алишер Райҳон боғи» фермер хўжалиги раҳбари. Уч йил муқаддам яхши ниятлар билан фермер хўжалиги ташкил этиб, 2 гектар жойда боғ барпо этган. Яримпакана интенсив боғ жорий йилдан ҳосилга кира бошлади. Бунгача ҳали ҳосилга кирмаган боғи номидан бозордан мева-чева сотиб олиб, турли ярмаркаларда қатнашгани, пилла боқиб давлатга топшириб келганини айтиб ўтди.

Бироқ туман ҳокимлиги энди бу боғни яроқсиз, деб топмоқда. Тан олиш керак, боғ қатор оралари меҳр билан парвариш қилинган. Бирорта бўш жой кўрмайсиз. Яроқсизлиги аниқ, бироқ тегинилмаётган боғлар Паст Дарғомда анчагина. Лекин нимагадир айнан мана шу атрофдаги боғлар яроқсиз, деб топилмоқда.

Ҳукуматнинг шу йилги қарорига кўра, ер майдонларини мақбуллаштириш баҳонасида шу ва шу ҳудуддаги бошқа боғлар Ҳамза Ҳожимаматов бошлиқ «Чортут» фермер хўжалигига бирлаштирилмоқда. Эндигина ҳосилга кирган боғлар ва узумзорлар бузилиб, бўшаган ерларга чорвачиликка ихтисослашган «Чортут» фермер хўжалиги пахта экар эмиш.
Энг қизиғи, гарчи, боғбонлар ерни «Чортут» фермер хўжалигига топшириш учун розилик аризаси беришмаган бўлса ҳам, туман ҳокимининг қарорида айнан шундай қилингани акс этган. Ҳолбуки, боғдорчилик билан шуғулланаётган фермерларнинг аксарияти ўзларининг боғларини «Алишер Райҳон боғи» фермер хўжалигига қўшиш учун ариза ёзишган.

Агар уларга тегишли боғлар «Алишер Райҳон боғи» фермер хўжалигига қўшилса, боғларнинг умумий майдони 10 гектардан ортади ва ҳукумат қарорига мос тушади. Бироқ туман ҳокимлиги фермерларнинг аризасини инобатга олмасдан ерларни шунчаки Ҳамза Ҳожимаматов бошчилигидаги «Чортут» фермер хўжалигига бирлаштирмоқда.

















