Оила илмий-амалий тадқиқот маркази статистикасига кўра, оилавий ажримларнинг асосий сабабини эр ва хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ташкил этмоқда. Бу ҳақида 15 май ─ Халқаро оила кунига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий конференцияда маълум қилинди.
Марказ томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, оилавий ажримларга қуйидагилар сабаб бўлмоқда:
43,3 фоиз ─ эр-хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги;
24,5 фоиз ─ моддий етишмовчилик;
12,6 фоиз ─ характерларнинг мос келмаслиги;
10,3 фоиз ─ бир-бирига бефарқлик;
5,5 фоиз ─ жавоб беришга қийналаман;
3,8 фоиз ─ гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик.
Айнан ёш оилаларнинг бузилишига эса 41 фоиз ҳолатларда характерларнинг тўғри келмаслиги, 13 фоиз ҳолатда бефарзандлик, 15 фоизида моддий қийинчиликлар, 34 фоизида учинчи шахс аралашуви, 25 фоизида зарарли одатлар сабаб бўлган.
Оила маркази директор ўринбосари Дилдора Каримованинг баён қилишича, мамлакатдаги реал вазиятда оиладаги фаровон ҳаёт маънавий-ахлоқий қадриятлар ва болаларни тарбиялаш, оиладаги қулай психологик муҳит, таълим, моддий таъминланганлик, саломатлик ҳолати каби мезонларга кўра белгиланади.
Маълум қилинишича, 2019 йилнинг якунига қадар 17та илмий-амалий тадқиқот ўтказиш кўзда тутилган. Хусусан, халқаро тажрибани ўрганиш асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда оилаларни ночор аҳволдан олиб чиқиш бўйича «АКТ орқали оилаларни мустаҳкамлаш» янги инновацион дастури ишлаб чиқилган. У АКТ асосларини психологик ўзига ўзи ёрдам кўрсатиш тамойиллари билан уйғунликда ўргатишга асосланган.
Шунингдек, Самарқанд, Хоразм, Фарғона ва Қорақалпоғистонда ТАТУ университетининг филиаллари базасида 150 нафар эркак ва аёллар ўқитилди. Курслар натижасига кўра, икки ҳафта давомида эгалланган кўникмалар 15 нафар тингловчига ишга жойлашишда ёрдам берди.

















