Ўзбекистон | 13:10 / 19.05.2019
9194
3 дақиқада ўқилади

Халқаро эксперт: «Ўзбекистон инвестиция бозорида янги чиқаётган юлдузга ўхшайди»

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форумида дунёнинг инвестицион харитаси, инвестиция бозорида Ўзбекистоннинг имкониятлари хусусида муҳокама сессияси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, унда иштирок этган BCG (Boston Consulting Group)нинг Россиядаги раҳбари Владислав Бутенко Ўзбекистонда инвестицион муҳитни яхшилашнинг 5та шартини айтиб ўтди.

─ Сармояни жалб қилишга талабгорлар кўп. Шу боис сармояни эгаллашда биринчи бўлишга интилиш, бозорларни тезроқ очиш керак;

─ Мамлакат салоҳиятини, бозор шароитини инвесторларга тўғри етказиб бера олиш лозим;

─ Инвестицияни фақат пул кўринишида эмас, инсон омили сифатида киритиш мумкин. Инвестицияни тўғри йўналтира оладиган кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам эътибор қаратиш муҳим;

─ Чет мамлакатлариннг технологияларини жалб қилган ҳолда маҳаллий кучдан унумли фойдаланиш лозим;

─ Жаҳондаги муҳитни ҳам ҳисобга олиш лозим. Ўзбекистон жаҳон миқёсида энг кучли бозор бўлмаслиги мумкин, лекин Марказий Осиё минтақасида бунинг учун унда етарлича имконият мавжуд.

«Дунё бўйича 60 трлн доллардан ортиқ маблағ кишиларнинг ҳисобида бекор ётибди. Уларни айлантириш керак, маблағ эгалари ўз сармоясини киритиш учун жой излайди. Ўзбекистон инвестиция бозорида янги чиқаётган юлдузга ўхшайди. Марказий Осиёнинг энг илғор ривожланаётган мамлакати сифатида унининг бу соҳадаги имкониятлари жуда катта», ─ дейди Бутенко.

Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форумида мазкур олийгоҳ битирувчиси, ўзбекистоник тадбиркор Фаттоҳ Шодиев ҳам иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Шодиев мазкур институтнинг аҳамияти, ўз ҳаётида тутган ўрнига тўхталиб ўтди. «Халқаро муносабатлар институтида ўқишни оддий қишлоқ мактабига қатнаб юрганимдаёқ орзу қилардим. Ва бу менга насиб қилди. Бу институт аввалдан Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади. Лекин унинг хориждаги биринчи расмий филиали айнан Тошкентда очилгани катта ютуқ, менимча. Ҳамюртларим Москва халқаро муносабатлар институти каби нуфузли таълим даргоҳида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишини доим истардим, бунинг учун илк амалий қадам қўйилди», ─ дейди у.

Мавзуга оид